Жамият | 18:49 / 22.05.2019
47843
3 дақиқада ўқилади

Kun.uz'га мурожаат қилган мактаб жамоаси сиқувга олинмоқда. Ўқувчилар муаммоси янада чуқурлашди

Kun.uz сайтида эълон қилинган «Партасиз ўқиётган ёшлар». Сурхондарёга «олтинбошлар» керак эмасми?» сарлавҳали мақоладан сўнг айрим мутасаддилар мактаб маъмуриятини сиқувга олишни бошлаган. Журналист билан суҳбатлашган шахс (исм-шарифи таҳририятга маълум, аммо босимга учраётгани туфайли ошкор этилмайди) мактаб муаммолари ёритилгани туфайли ўқувчилар ва ўқитувчилар янада қийналаётганини билдирди.

«Етишмаётган парта ва стуллар, кичик хоналарда таълим олаётган болалар тасвири кўрсатилгандан сўнг, мутасаддилар мактабга келишди. Аммо мактабда таълимни икки навбатда ташкил этиш ҳақида қарор чиқарилди. Болаларнинг узоқ чақиримдан келиши, тоғолди ҳудуднинг йўли ва қияликлар ҳам инобатга олинмади. Масалан, эрталабки дарсга етиб келиши учун ўқувчи соат 5да уйғониши ва 5-6 км пиёда юриши керак. Уйга қайтиб, шу чарчаганча уй вазифаларини бажариши, ҳар куни шу тахлит юриши ҳам инобатга олинмади», — дейди суҳбатдош.

Сурхондарё вилояти, Олтинсой туманидаги Тўхтамиш маҳалласидаги ўқувчилари Вахшиворсой сел хавфи туфайли ўқиб келаётган мактабидан кўчирилганди. 1978 йили 140 ўринли боғча сифатида қурилган бинодан кейинчалик мактаб сифатида фойдаланишган. Аввалги мақолада янги мактаб —  Иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб ҳунар коллежи биносига кўчиб ўтган ўқувчилар эса парта, стуллар етишмаган шароитда таълим олишга мажбур бўлаётгани ҳақида батафсил ёзилганди.

Олтинсой туман Халқ таълими бўлими мудири Ўткир Қурбоновнинг Kun.uz'га маълум қилишича, масъуллар томонидан англашилмовчилик бартараф этилиб, айни вақтда 42-мактаб ўқувчилари Иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб ҳунар коллежи биносининг 15та синфхонада 2 навбатда тўлиқ ўқишни давом эттиришмоқда. 

Аввал ҳам айни шу масалада саволлар очиқ қолганди: нега коллежнинг бўшаб турган биноларини ўқув мавсумини деярли якунлаб қўйган мактаб ўқувчиларига бермай, уларни кичик хоналарда таълим олишга мажбур қилишмоқда? Тоғолди ҳудудида вояга етмаган ўқувчиларнинг узоқ чақирим масофани босиб ўтиб, мактабга келишидан бирор наф бўладими? Мутасаддилар «ўқув йили ўтиб олсин, бир чорасини кўрамиз» қабилида иш кўряптими?

Масала юзасидан текширув ўтказиш, муносабат билдириш ҳам шарт эмас. Негаки, болалар шундай шароитда ўқув мавсумини тамомлаб бўлди.

Алишер Рўзиохунов

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид