Кўплаб мактаб ўқувчилари олдида ўқув мавсуми якунланиб бориши билан эндиликда олий таълим муассасасини танлаш ва кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиш мавзуси ва масаласи турибди.
Айнан шу мавзу ва олий таълимнинг келажаги ҳақида Harvard Business School, АҚШнинг Колорада университети ва Озарбайжон Иқтисодиёт университети битирувчиси, айни пайтда Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлигида лойиҳа раҳбари Одилжон Абдураззоқов Kun.uzʼга ўз мулоҳазаларини билдирди.
Видео: Mover (tas-ix)
Видео: Youtube
— Истаймизми, йўқми Ўзбекистонда ёшларнинг олий таълимга қамраб олиниши, ўша ёшларнинг олий таълимга бўлган истагини тўлалигича қондириш имконияти юқори эмас. Шунинг билан биргаликда, Ўзбекистонда олий таълим муассасасини фаолиятини ташкил этиш харажатлари жуда ҳам юқори. Нима деб ўйлайсиз, келгусида шунақа масалаларга қандайдир ечимни биз таклиф эта оламизми, нимага Ўзбекистонда қамров ҳалигача паст?
— Саволингиз учун катта раҳмат. Хабарингиз бор 2018-йилда Президент томонидан тасдиқланган стратегияда Ўзбекистонни 2030 йилга келиб, топ 50 инновацион ривожланган давлатлар орасида кўриш режа қилиб олинган. Шу ўринда буюк физик олими Исаак Ньютоннинг сўзи билан бошласам, if I have seen further than others, it is by standing on the shoulders on giants, яъни «агар мен бошқалардан узоқроқни кўра олган бўлсам, бунинг сабаби девларнинг елкасида ўтирганимдир» .
Биз Ўзбекистон олий таълим тизими, Ўзбекистон илм-фани, Ўзбекистон инновацион ривожланиш ҳақида гапиришдан аввал, ўзбек илм-фани қайси олимларнинг ёки Нютоннинг таъбири билан айтганда, қайси «дев» ларнинг елкасида турганлигига бир назар ташлашимиз керак. Бутун дунё эътироф этган тиббиёт олими Ибн Сино, бугунги рақамли иқтисодиётнинг асосини қўйиб берган Ал-Хоразмий, Беруний, Улуғбек сингари олимларни ёки девларнинг елкасида турган бугунги олий таълим тизимимиз қанчалик узоқроқни кўра олиши, демак, бугунги олий таълим тизими билан масъул бўлган давлат идоралари, вазирликлар, шу жумладан, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бу олий таълим муассаса раҳбарлари билан бир қаторда, бутун республикамиздаги ҳар бир инсонни қизиқтириши табиий.
















