Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Қонунга мувофиқ, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланди.
Kun.uz қонун лойиҳаси устида бевосита иш олиб борган Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари - Экоҳаракат депутатлик гуруҳи раҳбари, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси раиси Борий Алихонов ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси Ислом Хушвақтов билан мулоқотда бўлиб, қонуннинг тайёрланиши ва у очиб бераётган имкониятлар ҳақида маълумотга эга бўлди. Қуйида депутатларнинг фикрлари ҳавола этилади.
Kun.uz: Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия соҳасини ривожлантириш қанчалик керак?
Борий Алихонов: «Ўзбекистонда қайта тиклануви энергияни ривожлантириш тўғрисида»ги қонунга имзо чекилди. Қонун қайта тикланувчи энергияни ривожлантириш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. Энергетика ҳар қандай иқтисодиётнинг қон томири ҳисобланади, шу боис энергетика соҳасини диверсификация қилиш долзарб масаладир. Нефть, газ, кўмир энергетиканинг асосий манбаларидир. Ҳозирда йилига 12 млрд тонна энергия манбалари қазиб олинмоқда. Аммо келгуси тахминан 40 йилда нефть, 50-60 йилда газ, 100 йилда кўмир захиралари тугайди. Шу боис муқобил ёки қайта тикланувчи энергияни ривожлантириш муҳим. Етакчи давлатларда қуёш, шамол, сув, геотермал энергиядан фойдаланмоқда. Булар умумий энергетик салоҳиятнинг 20 фоиздан кўпроғини ташкил этади.

Ўзбекистон йилига 182 млн тонна нефть эквивалентига тенг қуёш энергиясига эга. Мамлакат ҳар йили 60-65 тонна нефт эквивалентига тенг энергияни истеъмол қилаётган бўлса, бу талабга қараганда 3 ҳисса кўп таклиф бор, дегани. Умумий ҳисобда эса қуёш 51 млрд тонна нефть салоҳиятига эга.
Анъанавий усулда узоқ ҳудудларга энергия узатишда 30-35 фоиз йўқотиш бўлади. Шунингдек, қазиб чиқариш жараёни ҳам иқтисодий, ижтимоий ва экологик зарар туғдиради. Қуёш энергияси эса экологик тоза маҳсулот ҳисобланади.
Ҳозирда бутун дунёда яшил иқтисодиётни ривожлантириш ғояси илгари сурилмоқда. Бу табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик тоза технологияларни қўллаш асосида иқтисодиётни ривожлантиришни назарда тутади. Ўзбекистон иқлимни муҳофаза қилиш ҳақидаги Париж конвенсиясини ратификация қилди. Бу ҳужжатнинг иссиқхона газларини камайтириш деган қисми мавжуд, бунга эса қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш орқали эришиш мумкин.


















