Kun.uz`нинг Жанубий Кореядаги мухбири Элдор Воҳидов «Корея кундалиги» рукнидаги навбатдаги мақоласида ушбу мамлакатда яшаб меҳнат қилаётган ўзбекистонлик муҳожирлар турмуши ҳақида ҳикоя қилади.

«Кореядан пул жўнатиб турибди». Бу гапни кўп юртдошларимиз тилидан эшитганмиз. Бироқ, ўз тажрибамиздан хулоса қилиб таъкидлашни истардикки, шундай дегувчиларнинг барчаси ҳам жўнатилаётган пуллар қай тариқа ишлаб топилаётгани ҳақида тўғри тасаввурга эга эмас.

Жанубий Корея 16 давлатдан қонуний меҳнат муҳожирларини қабул қилади. Рўйхатда Ўзбекистон ҳам бор. Шу боисдан бу юртга қонуний ишлаш учун йўл олган ватандошларимиз талайгина. Улар орасида хорижий тилларни яхши ўзлаштирган, шинамгина офисларда ўз жойини топганлари оз эмас. Мазкур мақолада эса оғир меҳнатда тобланаётган, рўзғор тебратаман деб ўзини ўтга-чўғга уриб юрган заҳматкаш ўзбек муҳожирлари ҳаётига эътибор қаратдик.

Жанубий Кореядаги ҳамюртларимиз орасида энг кенг тарқалган иш турларини танлаб олдик ва улар билан елкама-елка меҳнат қилишга бел боғладик.

«Текпе»даги саргузаштлар ёхуд асрга татигулик тун

Ишни айнан «текпе» (почта хизмати)дан бошлашимизга сабаб бу ўзбекистонлик талаба ёшлар орасида энг оммабоп меҳнат туридир. Ўқишга халал қилмайди. Иш асосан тунда, шу сабабли дарсдан кейин тонггача ишлаш мумкин. Кунбай меҳнат сирасига киради.

Кечки соат 5ларда Кореядаги энг катта логистика марказларидан бири, «Lotte» почта хизмати омборига етиб келдик. «Сажангним» (хўжайин) бирин-кетин йигитларга вазифасини бўлиб берди. Тахминан ярим соатларда иш бошланди.

Талаб қилинган асосий вазифа – йирик юк машиналарида олиб келинган юкларни тушириш. Юкларни аниқ таърифлаш мушкул, турли-туман вазн ва шаклга эга. Бир юк машинасини бўшатиш учун 5 киши тахминан 1 соат вақт сарфлайди.

«Палли-палли»

Дастлаб эътиборимизни тортган жиҳат ҳар 3-4 кишига маҳаллий аҳоли вакили бошлиқ этиб тайинланиши ва бошлиқ қўли остидагиларга дағал муомала қилиши бўлди.

Корейсларнинг энг ёқтирган сўзи – бу «палли-палли» (тез-тез). Овқатланишда, кундалик турмушда ва албатта, энг асосийси иш мобайнида ҳам тез-тез ҳаракат қилиш кераклиги доим уқтириб турилади.

Бажариш лозим бўлган вазифани қисқача тушунтираман. Икки киши машиналардан юкни туширади, бошқа икки ишчи қутиларнинг маълумот ёзилган биркасини юқори томонга тўғрилаб қўяди. Автомат тарзда ишлайдиган махсус эскалатор юкларни бирма-бир сканердан ўтказади. Ёки бунинг акси, омбордаги юкларни машиналарга ортиш талаб этилади. «Катталар»нинг хоҳишига биноан, вақти-вақти билан позиция ўзгариб туради.