Халқнинг муносиб ҳаёт кечириши учун ўтказилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига ва жаҳон жамоатчилигига тўғри, тезкор, холис ва тўлақонли етказиб беришда оммавий ахборот воситалари, айниқса, давлат ахборот хизматларининг самарали фаолияти муҳим аҳамиятга эга. Ахборот хизмати давлат органлари ва фуқаролар ўртасидаги мулоқотни амалга оширувчи кўприк вазифасини бажаради. Давлат органи ва халқ ўртасидаги мулоқот қанчалик яхши таъминланса, давлат органларига бўлган ишонч ва ҳурмат шунчалик ортади, деб ҳисоблайди Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева.

28 май куни Тошкентдаги Hyatt Regency меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан «ОАВ соҳасида миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришнинг долзарб масалалари»  мавзусида республика конференцияси  ташкил этилди. Анжуманда қонун ижодкорлари, халқаро нодавлат ташкилотлар ва элчихона вакиллари, мутасадди ташкилот раҳбарлари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Унда нутқ сўзлаган Саида Мирзиёева Ўзбекистон матбуотининг нега тўртинчи ҳокимият даражасига кўтарила олмаётганига эътибор қаратиб, бунга вазирлик ва идоралар раҳбарларининг матбуот котиби ёки ахборот хизматларига эътиборсиз муносабатини асосий сабаб қилиб кўрсатди.

«Бу ҳолатларга барҳам бериш мақсадида жорий йилнинг февраль ойида «Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ги Президент Фармони имзоланди. Агентлик зиммасига яна бир муҳим, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборот хизматлари фаолиятини янада ривожлантириш ва бу борадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш вазифаси ҳам юклатилган.

Ўрганишлар шуни кўрсатадики, соҳадаги асосий муаммо бугунги кунда ягона давлат ахборот сиёсати тўғрисидаги концептуал ҳужжатнинг мавжуд эмаслигидир. Ҳозирда ушбу ҳужжат тайёрланмоқда, аммо уни амалга оширувчи ахборот хизматларининг фаолияти кун талабига жавоб берадими? Уларнинг ишини фаоллаштириш учун нима тўсиқ бўляпти?», — дея савол билан анжуман иштирокчиларига юзланди Мирзиёева. 

Агентлик директори ўринбосарининг таъкидлашича, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликларида ахборот хизматлари фаолияти деярли олиб борилмаяпти. 

«Иш ҳажмининг кўплиги ва қўшимча вазифалар юклатилиши сабабли ахборот хизматлари қониқарсиз аҳволда. 10дан ортиқ республика даражасидаги давлат идораларида ва 200га яқин туман/шаҳар ҳокимликларида ҳалигача ахборот хизмати йўлга қўйилмаган. Давлат ташкилотларида ахборот хизматига етарлича штат бирлиги ажратилмаганлиги сабабли фаолият суст олиб бориляпти, уларнинг мавқейи паст. Кўпгина давлат органларининг раҳбарлари бу масалага жиддий эътибор қаратмаяпти, штатлар малакали мутахассислар билан тўлдирилмаган, моддий-техник база яратилмаган. Давлат органларининг веб-сайтлари, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари, мобил мессенжерлар орқали тезкор ахборот тарқатишлари оқсамоқда. Давлат идораларининг интернетдаги саҳифаларида фойдаланувчилар сони ниҳоятда кам. Уларнинг веб-сайтларига кирувчиларнинг умумий сони 400 минг, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига мурожаат қилувчилар 150 минг, Телеграм мессенжеридаги кузатувчилари 300 минг нафардан ошмайди. Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчилар 20 миллиондан юқорилигини ҳисобга олсак, бу кўрсаткич жуда паст», —  дея таъкидлаган у.