Kun.uz сайтида жорий йилнинг 21 май куни «Қарши шаҳридаги кўп қаватли уй аҳолиси ёмғирдан жабр кўрди. Мутасаддилар муаммони ҳал этдими?» сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинган эди.

Унда Қарши шаҳри, «Кунчиқар» маҳалласидаги кўп қаватли уйларда кучли ёмғир ёғиши натижасида юзага келган ҳолат ёритилганди.

Маълум бўлишича, маҳалла 2019 йил «Обод маҳалла» дастурига киритилган. Чаманбоғ кўчасида жойлашган кўп қаватли уйларида 1 май куни таъмирлаш ишлари бошлангани боис уйларнинг том қисми очиб ташланган. Таъмирлаш ишлари пайсалга солиниши оқибатида кучли ёмғирда хонадонлар абгор ва яшаб бўлмас даражага келган. Хонадонларнинг том қисмидан  сув ўтиши натижасида аҳоли катта зарар кўрган.

«Бу маҳалла жорий йилги «Обод маҳалла» дастурига киритилган. Шунинг учун кўп қаватли уйларда ҳам таъмирлаш ишлари бошланган эди. Том қисми алмаштириш учун олиб ташланганди. Аммо қайта таъмирлаб, ёпгунга қадар кучли ёмғирлар ёғди. Шу туфайли бу ҳолат юзага келди. Ёмғирдан кейин ишлар тезлаштирилиб, иккита кўп қаватли уйнинг том қисми ёпилди. Қолган кўп қаватли уйларда ҳам ишлар давом этяпти. Ёмғир кутилмаганда бўлди ва бу табиат ҳодисаси. Шунинг учун етказилган зарар қопланиши ҳақида аниқ бир гап айтиш қийин», – дея ҳолатга изоҳ берганди Қарши шаҳар ҳокимлиги қурилиш бўлими бош мутахассиси Хуршид Зиятов.

Шунингдек, кўп қаватли уйларда истиқомат қилаётган фуқаролар уйларнинг 1960 йилда қурилгани, жуда таъмирталаб ҳолга келиб қолгани, бу каби эски кўп қаватли уйлардан воз кечиб, ўрнига янги, замонавий уйлар қуриш афзаллигини билдиришганди.

Қарши шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари «Кунчиқар» маҳалласидаги кўп қаватли уйлардаги муаммолар айни вақтда бартараф этилганини таҳририятга маълум қилишди ва бу ҳақида маълумотнома, фотосуратлар тақдим этишди.

«Қарши шаҳар ҳокимлиги «Қарши шаҳридаги кўп қаватли уй аҳолиси жабр кўрди. Муттасадилар муаммони ҳал этдими?» номли мақола юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.

Қарши шаҳар, «Кунчиқар» МФЙ 2019 йил «Обод маҳалла» дастурига киритилган бўлиб, шу худудга қарашли Чаманбоғ кўчасида жойлашган икки қаватли 1-2-3-4 уйларда том қисмини мукаммал таъмирлаш-тиклаш ишлари бошланган. Мазкур иш жараёни олиб борилаётган вақтда об-ҳавонинг ноқулай келиши ва жорий йилнинг 18 май куни кучли ёмғир ёғиши натижасида  юқорида кўрсатилган уйларнинг том қисмидан ички томонига чакки ўтиб, кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли ёмғирдан жабр кўрди.