Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Давлат солиқ қўмитаси ва Адлия вазирлигининг 2020 йил 1 январдан бошлаб:
молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва (ёки) қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш бўйича доимий ишловчи махсус ҳудудий комиссияларни тугатиш;
давлат органлари ўртасида электрон ахборот алмашинувини жорий этиш орқали тадбиркорлик субъектларини тугатиш жараёнидаги ортиқча ҳужжатлар ва тартиб-таомилларни қисқартириш;
давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йил ичида устав фонди таъсис ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда шакллантирилмаганлиги учун тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартибини бекор қилиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилиши мумкин.
2020 йил 1 январдан бошлаб шундай тартиб жорий этиладики, унга мувофиқ:
а) тадбиркорлик субъектлари – юридик шахсларни ихтиёрий тугатишда:
бир ёки бир неча даврий босма нашрларда корхонанинг тугатилиши тўғрисида эълонлар бериш талаб этилмайди, бунда тегишли маълумотлар рўйхатдан ўтказувчи органнинг расмий сайтига жойлаштирилади;
давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаган ҳамда солиқ қарзи мавжуд бўлмаган корхоналарнинг молия-хўжалик фаолияти текширилмайди;
давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказиладиган, тугатиладиган корхонанинг молия-хўжалик фаолиятини текширишнинг энг узоқ даврийлиги уч йилни ташкил этади;
ваколатли давлат органларидан корхона тўғрисидаги мавжуд маълумотлар олиш Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими орқали амалга оширилади;
корхонани ихтиёрий тугатишнинг умумий муддати рўйхатдан ўтказувчи орган ихтиёрий тугатиш тўғрисида хабардор қилинган кундан бошлаб олти ойдан ошмаслиги керак;

















