Ўзбекистон | 08:54 / 01.06.2019
9565
2 дақиқада ўқилади

АҚШ элчиси: «Ўзбекистон иқтисодиётига инвестиция киритиш бўйича катта режалар бор»

Фото: ЎзА

Ўзбекистонда Грузия, АҚШ ва Корея Республикасининг янги фавқулодда ва мухтор элчилари дипломатик миссиясини бошлагани хабар берилганди

АҚШнинг мамлакатдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм ЎзА’га қуйидагиларни айтиб ўтди:

– Гўзал юртингизга ўтган ҳафта келдим. Миссиям давомида Ўзбекистон – АҚШ ҳамкорлигининг янги йўлларини топиш, мамлакатингиздаги ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлаш асосий мақсадимдир. Мамлакатларимиз ўртасида қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг қатор соҳаларида салмоқли ишлар бажарилган. Келгусида таълим, қонунчиликни такомиллаштириш соҳаларида ҳам ҳамкорлигимизни изчил давом эттириш ниятидамиз.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонга инвестиция жалб қилиш ва сайёҳликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Биз ҳам Ўзбекистон иқтисодиётига инвестиция киритиш бўйича катта режалар белгилаганмиз. Июнь ойида мамлакатингизга АҚШнинг йирик компаниялари вакилларидан иборат делегация келиши кутилмоқда. Ушбу миссия ўзбекистонлик ишбилармонлар билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилади. Ўзаро фойдали битимлар тузилади. Шубҳасиз, мамлакатингиз иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш Ўзбекистон – АҚШ ҳамкорлиги ривожига ижобий таъсир кўрсатади.

Мавзуга оид