«Биз иқтисодиётимизни янада эркинлаштириш, тадбиркорларга кенг йўл очиб бериш сиёсатини бундан кейин ҳам қатъий давом эттирамиз. Ҳал қилувчи аҳамиятга эга бу соҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, унинг олдида пайдо бўладиган тўсиқларни бутунлай олиб ташлаш масаласи давлат раҳбари сифатида менинг доимий эътиборим ва назоратимда бўлади», – дея таъкидлаган эди президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз маърузаларининг бирида.

Амалда ҳам шундай бўлмоқда. Тадбиркорлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, уларга турли имтиёзлар ва қулайликлар яратилмоқда.

Аммо тан олиб айтиш керакки, ҳанузгача айрим тўсиқлар, англашилмовчиликлар сабабли ўз бизнес лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этолмаётган, фаолиятига турли аралашувлар туфайли жабр ва зарар кўраётган тадбиркорлар ҳам учраб турибди.

Таҳририятга худди шу мазмундаги навбатдаги мурожаат Бухоро вилояти, Ғиждувон тумани «Жамшид транс йўл» МЧЖ раҳбари О.Атоев томонидан йўлланган.

Мурожаатда тадбиркор солиқ идорасининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари туфайли катта зарар кўрганини, адолат тополмаётганини билдирган.

Ушбу мурожаатни жойида ўрганиш давомида тадбиркор О.Атоевнинг эътирозларини тингладик. Масалага доир ҳужжатлар билан танишдик.

Маълум бўлишича, «Жамшид транс йўл»  масъулияти чекланган жамияти  Ғиждувон туман юридик шахсларни рўйхатдан ўтказиш инспекциясидан 2017 йил 26 январда рўйхатдан ўтган. Молиявий хўжалик фаолиятини 2017 йил 1 февралдан бошлаб амалга ошириб келмокда.

Тадбиркорнинг таъкидлашича, Ғиждувон туман давлат солиқ инспекцияси томонидан 2018 йил 12 декабрда Бухоро вилоят давлат солиқ бошқармаси жамият фаолияти юзасидан ўтказган камерал назорати юзасидан тузилган талабнома 2018 йил 15 декабрда тақдим этилган.

Ҳеч қандай огоҳлантиришсиз, талабнома тақдим этилишидан 1 кун олдин, 2018 йил 14 декабрда Ғиждувон туман давлат солиқ инспекцияси томонидан жамиятнинг Ғиждувон туман АТ «Халқ банки»даги ҳисоб рақами ёпиб қўйилган.

Банкка ДСИ томонидан берилган ҳисоб рақамини ёпиш ҳақидаги электрон ҳужжатда «Блокировка клиента по решению ГНИ» «Блокируется в случае, если налогоплательщик в течении 15 дней по окончания срока сдачи – не оплатил налог и не представил отчет органы», деб ёзилган.