Кеча, 3 июнь куни Жиззах шаҳридаги маҳаллани сув босгани хабар қилинганди. Айни вақтда аҳоли ушбу маҳаллада ҳамон хавотирли вазият эканини хабар қилмоқда. Мухбиримиз воқеа жойидан ҳолатни баён этмоқда.
4 июнь. Тонгги 06:30. Жиззах шаҳар Боғишамол маҳалласи. Маҳалладаги йигирмага яқин хонадон сув тошқинидан жиддий зарар кўрган. Иккита хонадон қулаш арафасида, яна ўнга яқини авария ҳолатида. Жиззах шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлим раҳбари ва ходимлари шу ҳудудда. Ходимлар махсус техника билан айри хонадонлардаги сув тортиб олинган. Кечаси эркаклар уй яқинидаги кўчада тунаб қолишган, аёллар ва болалар яқин атрофдаги зарар кўрмаган хонадонларда тунашган.

09:00. Маҳалла раиси ҳамроҳлигида ўт ўчириш машинаси кириб келди. Дастлаб ўт ўчирувчилар машинасидан бошқа хизматлар томонидан хонадонидан сув торттиришни истаганлардан ёқилғи сўралган. Аммо аҳолининг кескин норозилигига дуч келгач, маҳалла раиси вазиятни юмшатиб ёқилғи учун ўзи тадбиркор, ҳомийларни топишини маълум қилган.

10:20. Ҳокимлик вакиллари ҳамон йўқ. Аҳоли саросимада ким, нима қилишни билмайди. Вақтинча яшаш жойи, палатка каби нарсалар ҳақда ҳеч қандай гап йўқ. Сел оқибатида ҳожатхоналар бузилиб кетиб атрофга оқава тарқаган, антисанитар ҳолат. Давлат санитария эпидемиология маркази ходимлари йўқ, тез ёрдам ҳам келмаган. Аҳоли ҳар ким ўзи учун курашиб “пожарний”га қўлдан келгунча қарашмоқда. Битта техника камлик қилмоқда.

10:50. Атрофда фақат зарар кўрган хонадонлар эгалари ва қариндошларини кўриш мумкин. Табиий офатдан зарар кўрганларга узоқ-яқиндан қариндошлари озиқ-овқат келтирмоқда. Улар кечаси Kun.uz’да яқинларининг бошига тушган савдодан хабар топишганини маълум қилмоқда. Ўт ўчириш машинаси қийинчилик билан бўлсада сувни тортиб тугатмоқда.




















