Ғуломжон Иномович Ибрагимов саломатлиги туфайли бошқа ишга ўтиши муносабати билан Тошкент вилояти ҳокими лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти бу ҳақдаги тегишли фармонни имзолаган.
Тошкент вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари Рустам Қурбонназарович Холматов зиммасига Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажариш юклатилди.

Давлат раҳбари кеча, 3 июнь куни Нурафшон шаҳрида Тошкент вилояти фаоллари, ҳокимлар ва секторлар раҳбарлари, республика идоралари мутасаддилари иштирокида йиғилиш ўтказганди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев вилоят иқтисодиёти, туманлардаги аҳволни танқид қилди.
«Ўзим юриб, республикадан раҳбарлар юбориб, энг долзарб масалаларни ҳал қиляпмиз. Ҳамма жойда ўзгариш бўляпти. Тошкент вилояти нега уйғонмаяпти? Вақт шиддат билан ўтяпти. Ҳар бир кун, ҳар бир дақиқа ғанимат. Президент сиёсат юритади, имкон яратади. Мутасаддилар қаттиқ талаб қилиб, қуйи тизимдаги раҳбарлар жон куйдириб ишлаб, натижани таъминлаши керак. Одамлар қуруқ гапга чидамайди. Тошкент вилоятида қуруқ гап. Қани рақобат, қани илм, қани натижа, қани ташаббус», - деди Шавкат Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, Ғуломжон Ибрагимов вилоят раҳбари лавозимида 2017 йилнинг октябрида пахта ҳосилини қўшиб ёзгани учун ишдан олинган Шукрулло Бобоев ўрнида иш бошлаганди. У 2018 йилнинг январида Тошкент вилояти ҳокими лавозимига расман тайинланган.







