Ҳар йили минглаб ватандошларимиз ризқини териш учун Россия Федерацияси, Туркия, БАА, Жанубий Корея ва бошқа давлатларга йўл олишади. Айримлар оиласи билан, кўпчилик эса оиласини ватанда қолдириб рўзғор тебратиш учун узоқ юртга отланишади. Қуйида ўзбеклар Жанубий Кореяда қандай ишлар билан банд, у ердаги иш турлари, маошлар, муҳожирларнинг яшаш тарзи, озиқ-овқати ва бошқалар тўғрисида ҳикоя қиламиз.
Корейс диёрининг минглаб ватандошларимиз ишлаётган Жинжу, Кимҳе ва бошқа шаҳарларида бўлдик. У ерларда ўзбекистонлик муҳожирлар асосан иссиқхоналарда, заводларда, қурилишда меҳнат қилишади, аёллар эса Кореяда кенг тарқалган косметика дўконларида, уй тозалаш ишларида, ўзбек тадбиркорлари очган дўконлар ва ошхоналарда ишлашар экан.
Видео: Youtube
Видео: Mover (tas-ix)
Аввалига Жинжу шаҳрида жойлашган гуруч қадоқланувчи заводда бўлдик. У ерда Андижон вилоятидан келган ҳамюртларимиз меҳнат қилишаётган экан. Хитойдан келган гуручлар техника ёрдамида қопларга тенг тақсимланади. Буни ишчилар назорат қилишади. Тайёр бўлган қопларни ўша ерда ўрнатилган робот-аппаратлар махсус жойга тахлаб боради. Тахланган қоплар махсус қурилмалар орқали юк машиналарига жойланади ва керакли манзилларга жўнатилади.
Бир қарашда енгил кўринган бу ишнинг ўзига яраша қийин томонлари кўп. Хитойдан ҳафтасига тонналаб гуруч келади. Уларни вақти-вақти билан юк машиналаридан тушириш чоғида чанг ичида ишлашга тўғри келади.

Асака шаҳридан келган Давлатбек ва Муслимбек заводдаги меҳнат фаолияти ҳақида гапириб беришди. Давлатбек Ўзбекистондалигида мактабдан сўнг касб-ҳунар коллежига ўқишга кирган. У ерни тамомлагач, тайинли иш топа олмагач, Кореяга йўл олишга мажбур бўлган. Муслимбекда ҳам шунга ўхшаш вазият. Иккиси ҳам Жинжуга имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, меҳнат шартномаси асосида келишган.
Улар гуруч қадоқлаш заводида бир йилдан бери меҳнат қилиб келишмоқда. Кореяда ишлашнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор. Баъзан кечаси билан ишлашга ҳам тўғри келади. Одатда заводда эрталаб соат 8:00дан кечки соат 5:00гача иш вақти бўлиб, шанба-якшанба кунлари дам олинади. Тайёр бўлган маҳсулотлар Кореянинг турли ҳудудларига тарқатилади ва ҳатто Африка қитъасининг баъзи давлатларига инсоний ёрдам сифатида ҳам юборилади. Меҳнатга яраша етарли миқдорда маош берилади. Кореяда яшаш эҳтиёжлари ва бошқа харажатлардан ташқари уйга юбориш учун тахминан 1500 АҚШ доллари атрофида пул ортади. Баъзан доимий тарзда иш бўлиб турса, бу миқдор 2000 АҚШ долларини ташкил этиши ҳам мумкин.











