2019-2020 ўқув йилига тайёргарлик кўриш мақсадида ота-оналар фарзандларини мактабга жойлаштириш учун ҳаракатларни бошлаб юборишган. Аксарият ота-оналар 6-6,5 ёшдаги фарзандларини 1-синфга бермоқда, дея хабар қилади Халқ таълими вазирлиги.

Мактабга болани 6 ёшдан бериш керакми ёки 7 ёшдан берган яхшими?

Психолог ва педагогларнинг фикрларига кўра, 6 ёшли боланинг мактабда таълим олиши бир оз эрта.

Чилонзор тумани 217-мактаб психологи Санжар Аблакулов сўзларига кўра, тиббий жиҳатдан соғлом болада мактабга ижтимоий психологик тайёрлик даражаси, диққати, кўриш қобилияти, мантиқий тафаккури, кичик қўл моторикаси, хотираси, математик ва фазовий тасаввурлари, оғзаки нутқи, илк ўқув мотивлари шаклланган бўлиши керак. Шунингдек, шакл, элемент, ёзувларни худди ўзидай қилиб кўчиришни билиши, ўқиб берилган 10-12 та сўзни эсда сақлаб такрорлаши, расм асосида мантиқий ҳикоя туза олиши, предметларни кўп ё озлиги, сонларнинг катта-кичиклигини, предметларни гуруҳлаштириш, умумлаштириш, таққослашни ҳамда қисмлардан бутун ясашни билиши керак.

“Агар бола берилган расм асосида мантиқли ҳикоя туза олмаса, ўқиб берилган сўзларни эсида сақлаб қолмаса ва бошқа шу кабиларга тайёр бўлмаса, бу боланинг мактабга чиққан пайтида ўқиш ва ёзишни яхши ўзлаштира олмаслигига, ақлий ишчанлигининг пасайишига, ўқитувчи томонидан берилган топшириқларни бажаришда қийналишига олиб келади. Бунинг натижасида болада стресс, тажовузкорлик, инжиқлик, уйқусизлик, иштаҳанинг йўқолиши, жисмоний ривожланишдаги камчиликлар, бўй ўсишининг орқада қолиши, камқонлик каби ҳолатлар кузатилиб, бола соғлиғининг ёмонлашишига, ҳаттоки мактабга мослашолмаслигига олиб келади”, - деди у.

Қашқадарё вилоятидан Б.Ҳайдарованинг таъкидлашича, мактабнинг ўзига яраша тартиб қоидалари, таълим талаблари мавжуд бўлиб, мактабга қабул қилинган 6, 7 ёшли болалар бу талабларга бир хил амал қилади. Ўқув фаолиятини яхши натижалар билан ўзлаштириши, ақлий ишчанлик, тенгдошлари билан мулоқотга киришиши, мактаб тартиб-қоидаларига амал қилиш каби ҳолатларга бола руҳияти тайёр бўлиши керак.

1-синфга бориш бола ҳаётининг энг муҳим даврларидан биридир. Илк ўқув кунларида ўқувчиларнинг кўпчилигида стресс ҳолатлари юзага келиб, бу даврда руҳий кечинмалар устунлик қилади. Бу руҳий кечинмаларни енгиш боладан кучли ирода (ўзига бўлган ишонч, қатъиятлилик, юксак мақсад в.ҳ.)ни талаб қилади. Юқоридаги жараёнлар болада етарли даражада ривожланмаган бўлса, бу бола руҳияти ва соғлиғига таъсир қилиб, салбий оқибатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади, - дея қўшимча қилди у.