Мамлакат аҳолиси Ўзбекистондаги энг ашаддий монополист номини маълум қилди.

Куни кеча Kun.uz Telegram’даги «Сизнинг фикрингиз» каналида тезкор сўров ўтказди. Сўров онлайн ўтказилгани туфайли жинс, ёш ва бошқа омиллар ҳисобга олинмади.

Ўзбекистонликлардан мамлакатдаги энг ашаддий монополистни маълум қилиш сўралди. 4 446 киши ўз фикрини билдирди. Уларнинг 66 фоизи фикрича, GM Uzbekistan энг ашаддий монополист саналади. 8 фоиз бу «Ўзбекистон ҳаво йўллари» эканини таъкидлаган бўлса, 5 фоиз «Ўзтрансгаз»ни айтди, яна 5 фоиз - «Ўзбектелеком», 5 фоиз - «Ўзбекнефтгаз», 4 фоиз - «Ўзбекистон темир йўллари» ва 3 фоиз - «Ўзбекэнерго». Қолган 4 фоиз фикрига кўра, бошқа ташкилотлар ашаддий монополист ҳисобланади.

Ўзбекистон президенти GM Uzbekistan’ни икки марта танқид қилди. 2018 йил май ойида у машинасозлик соҳасида рақобат муҳити йўқлигини таъкидлади. 2019 йил май ойида Мирзиёев автомобиль заводи одамларга деярли фойда келтирмаётганини айтди.

«Биз завод раҳбариятини ўзгартирдик, коррупцияни йўқ қилдик. Кўп йиллик иш муддатига қарамай, завод ҳамон Кореядан ускуналар олиб келмоқда», - дея қайд этиб ўтди давлат раҳбари.

Ҳаттоки, Ўзбекистоннинг собиқ давлат котиби ҳам ЎзА’га берган интервьюсида машинасозлик Ўзбекистонда ўлганини таъкидлаб ўтди.

«Сиз ҳозир машина ишлаб чиқариляпти, деяпсиз. Лекин унинг дейлик, битта лампочкаси ўчиб қолса, расво бўлади. Чунки ўзимизда ишлаб чиқарилмайди. Бунақа «ишлаб чиқариш» кимга керак. Майли, ҳамма нарсани юз фоиз шу ернинг ўзида чиқариш қийиндир. Лекин ҳеч бўлмаганда, унинг 60 фоизини ўзимизда ишлашимиз керак...», - деди Раҳим Ражабов.

Куни кеча Ўзбекистондаги ҳайдовчилардан бири бизга қизиқ факт айтиб қолди. Гап шундаки, у GM Uzbekistan автосалонида янги автомобиль сотиб олган ва дарҳол аккумуляторни ўзгартирган. Нима учун, деб сўралганида, у завод аккумуляторлари сифатсиз эканини айтди. Эҳтимол, Ўзбекистон янги машина сотиб олиб, сўнг эҳтиёт қисмлар ҳамда аксессуарларни алмаштиришадиган дунёдаги ягона мамлакатдир. Маълумотларга кўра, ҳайдовчилар баъзида ғилдиракларни ҳам ўзгартиради, сабаби янгиларида юриш «ноқулай».