2019 йилнинг 7 июнь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Қатар давлатининг фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Муҳаммад Ҳамад ал-Хажрийни (қароргоҳи Теҳрон шаҳрида) қабул қилди.

Ишонч ёрлиқларини қабул қилгандан сўнг, вазир элчини Ўзбекистондаги фаолияти бошлангани билан табриклади ва унга икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш борасида самарали натижаларга эришишини тилади, дейилади ТИВ хабарида.

Бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон – Қатар муносабатларини ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди. Бунинг учун томонларда савдо-иқтисодий, инвестиция, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда сезиларли салоҳият борлиги эътироф этилди.

Йилнинг иккинчи ярмида Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг биринчи йиғилишини ўтказиш таклифи ёқланган.

Учрашувда баъзи минтақавий ва халқаро масалалар бўйича ҳам фикр алмашилган.