Президент қарори: 1 январдан шаҳар кўчаларини қуриш ва таъмирлашда унга туташ ҳудудлар ҳам мажбурий ободонлаштирилади
|17:46 / 07.06.201921 0549 мин
Ўзбекистон Республикаси президенти “Аҳоли пунктларини ободонлаштириш соҳасида ишлар самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Қуйидагилар ободонлаштириш соҳасида ишларни ташкил этишни такомиллаштиришнинг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгиланди:
аҳоли пунктлари ҳудудларини ободонлаштириш соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш, ободонлаштириш соҳасида норматив-ҳуқуқий база, стандартлар, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини ишлаб чиқиш ва янгилаш;
тасдиқланган стратегиялар асосида шаҳарларнинг кўча-йўл ва жамоат жойларини комплекс ривожлантиришни таъминлаш, ҳудудларни ободонлаштириш масалаларига кенг жамоатчиликни жалб қилиш;
ободонлаштириш соҳасида давлат маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини ва кўрсатиладиган хизматлар сифатини оширишга қаратилган давлат-хусусий шериклик механизмларини босқичма-босқич жорий қилиш;
ободонлаштириш бошқармаларининг куч ва ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уларнинг ишини оптималлаштириш, қўл меҳнатини камайтириш, юзага келаётган муаммоларга тезкорлик билан муносабат билдиришга, шунингдек, самарали, шу жумладан жамоатчилик назоратини таъминлашга йўналтирилган инновацион ечимларни жорий қилиш;
ободонлаштириш соҳаси ходимларига муносиб меҳнат шароитларини яратиш, уларни моддий рағбатлантириш ва ижтимоий муҳофаза қилиш даражасини ошириш.
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳудудларни ободонлаштириш соҳасидаги муаммолар ўрганиш ва методологик таъминлаш учун масъул орган этиб белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида меъёрий базани такомиллаштириш бошқармаси тегишли равишда вазирлик марказий аппарати бошқарув ходимларининг чекланган сонини кўпайтириб, 2 нафар қўшимча штат бирлиги ажратилган ҳолда Уй-жой коммунал хўжалиги ва ҳудудларни ободонлаштириш соҳаларининг методологик базасини такомиллаштириш бошқармасига айлантирилади.
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликларидан жойларда ҳудудларни ободонлаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида зарур ахборотни сўраб олиш ҳуқуқи берилди.
Белгиланишича, 2020 йил 1 январдан бошлаб:
а) қуйидагиларга:
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бош бошқармаси ва Мустақиллик майдонини кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ва сақлаш департаменти, шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бош бошқармасининг ихтисослаштирилган бошқармалари (Фуқароларга хизмат кўрсатиш бошқармасидан ташқари) ходимларига – ойлик тариф ставкасининг (лавозим маошининг) 30 фоизи миқдорида;
б) ободонлаштириш бўлинмалари ходимларига овқатланиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида компенсация тўланади;
в) Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг туман ва шаҳар ободонлаштириш бошқармалари ходимлари учун меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича тармоқ тариф сеткасига мувофиқ меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорлари Тошкент шаҳри туманларининг ободонлаштириш бошқармалари ва Фуқароларга хизмат кўрсатиш бошқармаси ходимлари учун назарда тутилган миқдорда белгиланади;
г) фаолияти ҳайвонларнинг жасадларини зарарсизлантириш ва утилизация қилиш билан бевосита боғлиқ бўлган ободонлаштириш бошқармаларининг назоратсиз ҳайвонларни тутиш бўлимлари ходимларига меҳнатнинг зарарли шароитлари учун – лавозим маошига 20 фоиз миқдорида устамалар белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 январга қадар:
шу жумладан ногиронлиги бўлган шахслар ва кекса ёшдагилар учун қулай муҳит яратишни назарда тутган ҳолда ободонлаштириш соҳасидаги стандартлар, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини;
тегишли лойиҳаларни ишлаб чиқишга очиқ танловлар ўтказиш йўли билан кўча-йўл ҳудуди, истироҳат боғлари, хиёбонлар ва бульварлар ташкил этиш тамойилларини жорий этиш, ёритиш элементлари, меъморий шаклларни жойлаштириш, кўкаламзорлаштириш, одамлар учун қулай ҳудудлар яратиш, йўловчилар ва велосипедлар ҳаракатланишини ривожлантириш учун шарт-шароитларни такомиллаштиришни назарда тутувчи “одамлар учун шаҳар” ва “яшил шаҳар” моделларининг элементларини қўллаган ҳолда, ҳудудларни ободонлаштиришнинг намунавий лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва янгилашни таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қуйидаги имкониятларни берувчи “Обод ҳудуд” ахборот тизимини яратиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди:
фуқаролар томонидан ободонлаштириш соҳасидаги мавжуд муаммолар бўйича мурожаатлар юбориш ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш, шунингдек, улар учун қайта алоқани, шу жумладан бажарилган иш натижаларини “аввал” ва “кейин” форматида таққослаш имкониятини таъминлаш;
аҳоли билан ҳамкорликда ободонлаштириш ишларини режалаштириш, бунда мавжуд моддий ресурслар ва инфратузилма имкониятларидан самарали ва оқилона фойдаланишни ҳисобга олиш;
фуқаролар билан ҳудудларни ободонлаштириш ҳолати тўғрисида ахборот алмашиш, қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш объектлари бўйича таклифларни йўналтириш орқали уларни ободонлаштириш лойиҳаларини амалга оширишга жалб қилиш;
ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва санитария ҳолатидан келиб чиқиб ҳудудлар рейтингини белгилаш;
махсус онлайн-майдончада лойиҳалаштириш ва ободонлаштириш бўйича йўриқномалар ва қўлланмалар, ҳудудларни ободонлаштиришнинг намунавий лойиҳалари, шунингдек, стандартлар, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини жойлаштириш.
Шундай тартиб жорий қилинадики, унга мувофиқ 2020 йил 1 январдан бошлаб:
шаҳар кўчаларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари параметрларида ушбу кўчаларнинг туташ ҳудудларини ободонлаштириш (ирригация тармоқлари, ёритиш элементлари, кўкаламзорлаштириш, йўлаклар, ахлат қутилари, кичик меъморий шакллар ва бошқалар) бўйича комплекс тадбирлар мажбурий тартибда назарда тутилади;
йўл қатлами ва ободонлаштиришнинг бошқа объектлари остида жойлашган ер ости муҳандислик коммуникацияларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш қўшма графиклар асосида ободонлаштириш объектларида лойиҳа ва пудрат ишлари билан ўзаро боғлиқ ҳолда амалга оширилади;
янги қурилган объектларни, реконструкция қилинган ва капитал таъмирланган бинолар ёки иншоотларни туташ ҳудудларни ободонлаштирмасдан туриб фойдаланишга қабул қилиш тақиқланади.
Тошкент шаҳар ҳокимлигининг пойтахтда, эксперимент тартибида, жаҳоннинг йирик шаҳарларида муваффақиятли қўлланилаётган жараёнларни бошқариш ва автоматлаштиришнинг замонавий тизимларини жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.
Тошкент шаҳар ҳокимига эксперимент доирасида:
Ободонлаштириш бош бошқармаси, туманларнинг ободонлаштириш бошқармалари тузилмаларини, туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш;
2019–2020 йиллар даврида Тошкент шаҳрини ободонлаштириш тизимини ривожлантириш концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш ва кейинчалик амалга оширишга энг яхши таклифларни танлаш йўли билан манфаатдор ташкилотлар, шу жумладан хорижий ташкилотларни жалб этиш ҳуқуқи берилди.
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:
2019 йил 1 октябрга қадар давлат-хусусий шериклик шартларида ободонлаштириш бўйича ишларни ва хизматларни ташкил этиш учун ҳудудларни бериш имкониятини ўрганиб чиқади ва зарур ҳужжатларни тайёрлайди;
2019 йил 1 декабрга қадар камида бешта шаҳар ва туманларда давлат-хусусий шериклик шартларида ободонлаштириш бўйича ишларни ва хизматларни ташкил этиш учун ҳудудларни бериш чораларини кўради;
ижобий тажриба якунлари бўйича уни кейинчалик бутун республика ҳудудида жорий этиш юзасидан таклифлар тайёрлайди.
2019 йил 1 октябрдан бошлаб шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:
юридик ва жисмоний шахслар – аҳоли пунктидаги бинолар ва иншоотларнинг мулкдорлари ёки улардан фойдаланувчилар, шу жумладан, ижарага олувчилар ўзига бириктирилган ҳудудни ободонлаштириш ишлари ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши учун масъул ҳисобланади;
ободонлаштириладиган ҳудуднинг майдони маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланади. Бунда бириктирилган ҳудуд майдони тегишли ер участкаси майдонидан катта бўлиши мумкин эмас;
бириктирилган ҳудудни ободонлаштириш ишлари бинолар ва иншоотларнинг мулкдорлари ёки улардан фойдаланувчилар томонидан белгиланган шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига, шаҳарлар ва аҳоли пунктларининг ташқи кўринишига қўйиладиган талабларга мувофиқ амалга оширилади.