Самарқанд шаҳридаги Шоҳрух кўчаси 56-уйда яшовчи фуқаро Kun.uz таҳририятига мурожаат қилди.
«2012 йилдан бери шу кўчадаги уйда яшаб келамиз. 2016 йил бизни кўчирмасдан, шундоққина тепамиздан қурилиш бошланиб кетди. Аввал уйларимизнинг бир томонидан, кейин нариги томонидан ўра кавлаб ташлашди. Ҳеч қанча вақт ўтмасдан уйимиз ёрилиб авария ҳолатига келиб қолди. Шаҳар ҳокимлигига ҳам, вилоят ҳокимлигига ҳам мурожаат қилдим. Фойдаси бўлмади. Қурувчи эса «эртага, индинга» қабилида вақтни чўзиб келмоқда», — дейди уй соҳиби.
Мурожаатни ўрганиш учун борганимизда мана шу манзарага дуч келдик:








Аҳоли яшаётган уйнинг кириш эшиги олдига вагон қўйилиб, қурилишлар бошлаб юборилган. Уйлар авария ҳолатига келиб қолгани афтидан ҳеч кимни қизиқтирмаган. Акс-ҳолда, бундай аянчли жойда бир йилдан бери аҳоли яшаб келмаган бўларди.
Дастлаб фуқаронинг мурожаатларига Самарқанд шаҳар ҳокимлигидан қуйидаги мазмунда хат келган: «Фуқаро томонидан юқорида кўрсатилган муаммоларни бартараф этиш ва уй-жойи ўрнига шаҳарнинг бошқа уй-жой билан таъминлашга «Жаҳон кафолат стил» ХК ўртасида ўзаро келишувга келишилганини маълум қиламиз».
Бироқ ана шу келишув амалга ошмаган, «Жаҳон кафолат стил» ХК фуқарони алдаб келмоқда, фуқаронинг кейинги мурожаатлари ижобий ечим топмаган. Энди эса ҳаммаси ўз ҳолига ташлаб қўйилмоқда.
«Жаҳон кафолат стил» ХК вакили билан мулоқотимиз қисқача бўлди: «Менинг уй қуриш бўйича қарорим ҳокимлик томонидан бекор қилинган. Ҳокимлик аввал менинг қароримни тиклаб берсин, шунда мен уйини оламан, агар бермаса менга нима кераги бор?..»
















