Мамлакатда янги темир йўл линиялари барпо этиш, шаҳарлар ўртасида юқори тезликда ҳаракатланувчи йўловчи электропоездлар қатновини ташкил этиш ва бу орқали аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизматлари сифатини ошириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда, деб хабар бермоқда Транспорт вазирлиги. 

Билдирилишича, бунга Испания ҳукуматининг расмий кредит институти билан янги юқори тезликда ҳаракатланувчи иккита поезд, вагонлар («эконом» тоифадаги), уларнинг бутловчи қисмлари ва юқори тезликда ҳаракатланувчи поездларга сервис хизмати кўрсатиш учун ускуналарни сотиб олиш бўйича кредит битими имзолангани мисолдир. 

«Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизмати хабар беришича, ҳужжатни имзолаш маросими 2019 йил 30 май куни Мадрид шаҳрида бўлиб ўтди. 

Тадбирда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқаруви раиси в.б Х.Ҳосилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳамда Испания Саноат, савдо ва туризм вазирлигининг савдо ва инвестициялар бўйича бош директори Мария Паз Рамос Реса ва ИКО расмий кредит институти халқаро бизнес бўлими бошлиғи Силвия Диаз иштирок этишди.