Россия армияси 16 сентябр куни Украинанинг Днипропетровск вилояти Никопил туманида қатновчи йўловчи автобусига дрон билан зарба берди. Бу ҳақда Deutsche Welle маҳаллий расмийларга таяниб хабар берди.

Днипропетровск вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Ганжанинг маълум қилишича, ҳужум оқибатида беш киши ҳалок бўлган, яна камида етти киши жароҳатланган.

Йўловчи поездига ҳам зарба берилди

Шунингдек, Россия қўшинлари Киев–Миколайив йўналишида қатнайдиган 122-сонли йўловчи поездига зарба берган.

«Укрзалізниця» темирйўл компанияси маълумотига кўра, мониторинг гуруҳи хавф ҳақида олдиндан огоҳлантирган. Шу сабабли локомотив ва поезд бригадалари ҳамда барча йўловчилар ўз вақтида эвакуация қилинган.

Ҳужум оқибатида одамлар жабрланмаган. Эвакуация қилинган йўловчилар манзилига етиб олиши учун автобуслар ташкил этилган.

Киевда бир киши жароҳатланди

16 сентябрга ўтар кечаси Россия қўшинлари Киевга ҳам реактив дронлар билан ҳужум қилган.

Киев мэри Виталий Кличконинг маълум қилишича, Святошинский туманидаги омбор биносида ёнғин келиб чиққан. Ҳужум оқибатида бир киши жароҳатланиб, шифохонага ётқизилган.

Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати Херсонда ҳам Россиянинг FPV-дрони енгил автомобилга зарба берганини билдирди. Зарба оқибатида автомобиль ёниб кетган, кейинчалик ёнғин ўчирилган. Ушбу ҳодисада жабрланганлар қайд этилмаган.

Украина ҲҲК: Россия 80 та дрон билан ҳужум қилди

Украина Қуролли кучлари Ҳарбий-ҳаво кучлари маълумотига кўра, 16 сентябрга ўтар кечаси Россия Украина ҳудудига 80 та зарбдор учувчисиз учиш аппарати билан ҳужум қилган.

Украина томони 63 та дрон ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари билан уриб туширилган ёки бостирилганини маълум қилди.

Ҳарбий-ҳаво кучларига кўра, еттита жойда дронлар нишонга теккани, яна иккита ҳудудда эса уриб туширилган аппаратлар парчалари ерга қулагани қайд этилган.