«Реал» ниҳоят узоқ кутилган трансферни эълон қилди - клуб янги даврга Эден Азар билан бирга киради. Бельгиялик футболчининг расмий тақдимоти 13 июнь куни «Сантяго Бернабеу»да бўлиб ўтиши белгиланган. Бу мадридликларнинг Родриго, Милитао ва Йовичдан кейинги тўртинчи трансфери. Бу харидлар Флорентино Пересга жами 255 миллион еврога тушди. Ёзги трансферлар арафасида Мадрид клуби бу йилги трансферлар учун жами 600 миллион евро ажратгани маълум қилинганди.
🇧🇪✨ ¡El TALENTO de @hazardeden10!#WelcomeHazard | #HalaMadrid pic.twitter.com/xgTV39yCRY
— Real Madrid C.F.⚽ (@realmadrid) June 7, 2019
Мадрид орзуси
Айтиш мумкинки, ёзги трансферларнинг энг асосий харидларидан бири амалга ошиб бўлди. Албатта, ҳеч ким бир неча ойга сафдан чиққан ва ЕЧЛ стартидаги ўйинлардан дисквалификация қилинган Неймарни сотиб олишни истамаса керак. Бундай фантастик сценарий бўлмаслиги 99 фоизга аниқ, бу ёзда эса клубини ўзгартиришни режалаштирган футболчилар орасида Эден Азардан зўрроғи йўқ.
У «Челси» учун борини берди ва ваъда берганидек мавсум охиригача чин дилдан ўйнаб, мухлислар билан Европа Лигасининг икки карра ғолиби сифатида хайрлашди. Кўклар ундан бундан ортиғини талаб қила олмасди ҳам. Икки трансфер ойнаси учун тақиқ, Маурисио Сарри истеъфоси эҳтимоли ва клуб хўжайини Роман Абрамовичнинг Англиядаги муаммолари лондонликлар клуби келажагини мавҳум қилиб қўйган.
Бельгиялик юлдуз эса ҳадемай 30 ёшга чиқади. 28 ёшли футболчи айни кучга тўлган вақтида ва унда Чемпионлар лигасида ғолиб бўлиш ёки Криштиану Роналду ва Лионель Месси гегемониясига чек қўйиб, «Олтин тўп»ни қўлга киритиш учун у қадар кўп вақт қолмади. Гарчи Азарнинг ўзи шахсий совринларга фалсафий нуқтаи назардан қарасада. «Энг яхши футболчи бўлишни истайман, аммо эътироф этилмаслигим мумкин. Футболдан завқ олишни истайман. Ўхшаса энг яхши футболчи бўламан. Агар ўхшамаса, ҳечқиси йўқ. Шунчаки ўйнашни истайман», деганди у.
Рауль, Роналду, Азар
Азар бир неча йилдан буён «Реал»га ўтишни орзу қилиб келарди. Шу билан биргаликда, замонамизнинг энг ёрқин футболчиларидан бирини таркибга қўшиб олиш ҳам «Қироллик клуби» ва унинг президенти Флорентино Переснинг орзуси эди. Мадрид клуби бош мураббийи Зинедин Зидан Азарнинг болаликдаги кумири бўлган, мураббий ҳам футболчи ҳақида ҳамиша илиқ фикрлар билдирган. У 2010 йилдаёқ, Азар ҳали «Лилль»далигидаёқ уни ҳеч иккиланмай трансфер қилишга тайёр бўлиши ҳақида гапирган.
















