6 июнь куни Пенза вилоятида юз берган ЙТҲдан сўнг ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқароси Шерали Патиллоевнинг жасади марҳумнинг акаси ҳамроҳлигида 9 июнь куни Москвадан учадиган авиарейсда Ўзбекистонга юборилади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси берган маълумотга таяниб ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, Бош консулхона Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агенлиги ваколатхонаси билан биргаликда консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий масалаларни ҳал қилди.
“Марҳумнинг жасадини Пенза вилоятидан Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманигача олиб келиш билан боғлиқ барча харажатлар Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади”, дейилади хабарда.
Консуллик-ҳуқуқий департаменти Россиянинг Волгабўйи федерал округи (Бошқирдистон Республикаси, Киров вилояти, Марий Эл Республикаси, Мордовия Республикаси, Нижегород вилояти, Оренбург вилояти, Пенза вилояти, Перм ўлкаси, Самара вилояти, Саратов вилояти, Татаристон Республикаси, Удмуртия Республикаси, Улянов вилояти, Чувашия Республикаси) ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига улар зарурат туғилган ҳолатларда Қозон шаҳридаги мамлакатимиз Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақами орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини маълум қилади: +7-967-772-66-00.

















