Kun.uz таҳририятига Хива шаҳрида истиқомат қилувчи Гулора Жуманиязова мурожаат қилиб, ўзига тегишли бўлган фермер хўжалиги ери бошқа тадбиркорга бериб юборилгани, ҳокимлик томонидан ноҳақликка йўл қўйилгани ҳақида шикоят қилди.

Вазиятни ўрганиш учун Хива шаҳрига бориб, Гулшан-2 маҳалласи, Кўҳна Хива кўчаси 38-уйда истиқомат қилувчи мурожаатчи билан учрашдик, шунингдек, ҳокимликнинг мансабдор шахсидан изоҳ олдик.

Гулора Жуманиязова 1952 йилда туғилган, маълумоти олий, Тошкент қишлоқ хўжалиги институтини тамомлаган, мутахассислиги – олим-агроном. Унинг оиласи 28 йилдан бери кўчатчилик билан шуғулланмоқда.

«1991 йили, жамоа хўжалиги томонидан ажратилган ерда давлатга мевали ва манзарали дарахтларнинг кўчатларини етиштириб бериш билан шуғуллана бошладик. 2004 йили «Абдушариф боғбон» фермер хўжалигини ташкил қилдик. Ҳозир унга ўғлим Умар Атаев раҳбарлик қиляпти. Хива тумани ҳокимлиги қарори билан бизга Дашёқ қишлоғи, Гулшан маҳалласи ҳудудидан 3,8 га ер ажратиб берилди. Шу вақтдан бошлаб, вилоят аҳолиси ва фермерлари учун мевали ва манзарали дарахтларнинг кўчатларини етиштириб, аҳоли эҳтиёжини таъминлаб, туман ҳокимлиги томонидан қўйилган талабларни бажариб келяпмиз. Бундан ташқари, мурувват уйлари, ногиронлар уйи, сиҳатгоҳлар ва кам таъминланган оилаларга кўчатларни беминнат, хайрия асосида етказиб берганмиз», - дейди Гулора Жуманиязова.

2019 йил март ойида «Абдушариф боғбон» фермер хўжалигига тегишли бўлган ернинг бир қисмида «Хоразм Ғунча» МЧЖ томонидан қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Кейинчалик маълум бўлишича, Хива шаҳар ҳокимлиги 2018 йил 21 июлда фермер хўжалигига тегишли бўлган ернинг бир қисмини «Хоразм Ғунча» МЧЖга ажратиш ҳақида 1246-сонли қарорини чиқарган.

«2019 йил март ойида фермер хўжалигимизга тегишли бўлган ернинг 1,7 га майдонида тадбиркор Жамшид Рўзметов томонидан қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Боғ атрофидаги деворлар бузилди, кўчатлар узиб ташланди. Хива шаҳар ҳокимлиги мулозимлари бу ерда гидропоника технологиясига асосланган иссиқхона қурилишини, боғдаги мулкни баҳолатиб, ҳужжатини тақдим қилишим кераклигини, бизга эса компенсация тўлаб берилишини айтишди. Ажабланарлиси шундаки, бу ернинг фермер хўжалигимизга тегишли экани ҳақидаги қарор ўз кучини йўқотмаган, уни ҳеч ким бекор қилмаган эди», - деди Гулора Жуманиязова.

Шундан сўнг, «Абдушариф боғбон» фермер хўжалиги раҳбари Умар Атаев томонидан 1,7 га майдондаги экинлар, дов-дарахтлар баҳолаш фирмасида баҳолатиб олинган. Уларнинг қиймати 88,6 миллион сўм экани аниқланган.