Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Ривожланган давлатларда тез ёрдам машинасига йўл бериш шарт ҳисобланади». Вазир ўринбосари бу масалани ҳукумат даражасида кўриб чиқишга чақирди
Мурожаатчилар томонидан манзилнинг аниқ кўрсатилмаслиги кўп ҳолларда тез ёрдам машинасининг белгиланган вақтдан кечикиб боришига сабаб бўлмоқда. Бу ҳақида «Ўзбекистон Республикасида тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор асосида кўрсатилаётган тез тиббий хизматлар» мавзусидаги матбуот анжуманида сўз борди.
Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокори Даврон Султоновнинг қайд этишича, манзил ноаниқ кўрсатилиши кўп ҳолларда машина кечикиб боришига сабаб бўлади.
«Кўча-кўйда йўловчиларнинг тоби қочиб қолганда ёки қандайдир бахтсиз ҳодиса юз берганда тез ёрдам чақирилса, кўпинча манзил нотўғри кўрсатилади. Берилган рақам бўйича алоқага чиқилса, тез ёрдам чақирган одам аллақачон воқеа жойидан кетиб қолган бўлиши мумкин. Кўча номлари нотўғри берилган, мўлжал ноаниқ кўрсатилган вақтлар ҳам кўп бўлади. Бу эса ўз-ўзидан ёрдамнинг етиб боришини кечиктиради», – дейди у.
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдуҳаким Ҳожибоевнинг баён қилишича, тирбанд йўлларда машиналарнинг тез ёрдам уловига йўл бермаслиги ҳам кечикишнинг асосий сабабларидан бири ҳисобланади.
«Ривожланган давлатларда тез ёрдам машинасига бошқа автомобиллар йўл бериши шарт ҳисобланади. Тез ёрдам учун алоҳида йўлак доимо бўш қолдирилади. Бизда эса бундай эмас. Бу масалани ҳукумат даражасида кўриб чиқиш керак. Мигалка ва сирена ёқилганда ҳаммаси йўл бериши керак», – дея таъкидлайди Ҳожибоев.
Шунингдек, матбуот анжуманида тез ёрдамга нозарур чақириқлар қилиниши масаласида ҳам сўз борди. Маълум қилинишича, тез ёрдамга бўладиган мурожаатларнинг 66 фоизини шошилинч ва бахтсиз ҳодисалар, 14 фоизини туғруқ, 30 фоизга яқинини эса хонадон чақириқлари ташкил этади. Хонадонга чақириқнинг сабаблари эса кўп ҳолларда тиш оғриғи, укол қилиб қўйиш, қон босимини ёки тана ҳароратини ўлчатиш каби жиддий бўлмаган ҳолатлардан иборат бўлади.
«Чақириқлар сони ошишининг асосий сабаби нозарур чақириқлардир. Ёрдам талаб қилинмайдиган, ўз шифокори айтган тавсияга амал қилмайдиганлар ҳам машина чақиртиради. Сурункали хасталикларда, муолажа олиш талаб этилганда, тез ёрдамга эмас, оилавий шифокорга мурожаат қилиш, у билан маслаҳатлашиш керак. Машиналар шунақа ноўрин чақириқлар билан банд бўлиб қолади, керакли жойга эса ўз вақтида ёрдамга етиб боролмайди», – дейди вазир ўринбосари.
Мавзуга оид
21:46 / 12.12.2025
«Электрон рецепт». ССВ жамоатчиликни қизиқтираётган муҳим саволларга жавоб қайтарди
17:57 / 13.11.2025
Ўзбекистонда аҳолининг ягона электрон тиббий картаси яратилди
18:53 / 30.07.2024
Мактаб ўқувчилари ва боғча тарбияланувчиларининг тўртдан бир қисмида турли касалликлар аниқланди
11:28 / 22.07.2024