Ўзбекистонда прописка бўйича ўрнатилган ушбу тартиб фуқароларнинг шахсий ва мулкий ҳуқуқларидан тўла-тўкис фойдаланишига, урбанизация жараёнлари, ижтимоий ривожланиш, хусусан истиқболли ёшлар, малакали кадрларнинг хорижда ишлаш учун мамлакатни тарк этаётганликлари ҳақида кўплаб фикрлар билдирилмоқда, дейилади «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати эълон қилган хабарда.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати фуқароларнинг айни шу масала — Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка бўйича амалдаги тартиб юзасидан фикрларини ўрганди. Хусусан, Телеграм тармоғидаги Жамоатчилик фикри саҳифасида жорий йилнинг 3–11 июнь кунлари давомида жамоатчилик фикри сўрови ўтказилди. Унда 17 минг 700 нафардан зиёд фуқаро иштирок этиб, респондентларнинг асосий қисми, яъни 49 фоизи ушбу тартиб фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларига мутлақо зид эканлигини таъкидлади.

« Фикримизча, белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва тўлақонли амалга оширилганида, бугунги кунга келиб фуқароларнинг норозилиги ва муҳокамаларига сабаб бўлмас эди. Аксинча, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларига амал қилиниши Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижини янада ошишига, урбанизация жараёнларига, ижтимоий ривожланиш, хусусан, истиқболли кадрларнинг хорижга чиқиб кетишининг олди олинишига хизмат қилган бўлар эди.

Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб, белгиланган вазифаларнинг тўлақонли бажарилишини инобатга олган ҳолда, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ушбу масала юзасидан қуйидаги чора-тадбирларни амалга оширишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди:

Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий прописка қилиш тартибини турар жойи бўйича ҳисобга олиш тизими билан алмаштириш. Бунда ҳисобга олишни Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали соддалаштирилган тартибда амалга ошириш;

Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган фуқароларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларини эътироф этишни нафақат бирламчи бозор, балки иккиламчи бозорда, шунингдек умрбод ўзгага берилганда ёки ҳадя қилинганда ҳам бериш тартибини жорий қилиш »,   —  дейилади таклифда.

Маълумки, 2018 йилда Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик ва инновацион технологияларни қўллаб қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 56-бандида Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш мақсадида доимий ва вақтинча рўйхатга қўйиш (ҳисобга олиш) тартибини соддалаштириш белгиланган эди.