Ўзбекистон | 15:30 / 21.06.2019
11055
2 дақиқада ўқилади

Фуқаролар сабабини кўрсатмаган ҳолда шахсий маълумотларни беришни рад қилиш ҳуқуқига эга бўлади

Олий Мажлис Сенатининг 20-ялпи мажлисида «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни маъқулланди.

Мазкур Қонун билан давлат органларининг шахсий маълумотлар соҳасидаги ваколатлари белгиланади. Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органидир. У шахсий маълумотлар базасининг давлат реестри юритилиши ва рўйхатга олиниши тартибини белгилайди, шахсий маълумотлардан фойдаланиш жараёнида уларнинг ҳимояланганлигини таъминлайди.

Қонунда белгиланишича, жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборот шахсга доир маълумотлар ҳисобланади.

Қонун қуйидагиларни назарда тутади:

— фуқаролар ҳақидаги махфий шахсий маълумотларнинг ҳамма учун очиқ манбаларга қўйилиши учун унинг ёзма розилиги олиниши шарт;

— фуқаро мурожаатидан сўнг у ҳақидаги махфий маълумотлар очиқ манбалардан олиниши лозим;

— шахсга доир маълумотларни ўзгартириш ва тўлдириш субъектнинг мурожаати асосида, ушбу мурожаат берилган пайтдан эътиборан уч кунлик муддатдан кечиктирмай мулкдор ва (ёки) оператор томонидан амалга оширилади;

— ҳақиқатга тўғри келмайдиган шахсга доир маълумотларни ўзгартириш ва тўлдириш бундай номувофиқлик аниқланган пайтдан эътиборан дарҳол амалга оширилади;

— шахсга доир маълумотларни давлат бошқаруви органларига бериш бепул асосда амалга оширилади;

— субъект ўзининг шахсга доир маълумотларини беришни рад қилган тақдирда, ўзининг рад қилиши сабабларини кўрсатмаслик ҳуқуқига эга;

— тарихий, статистик, социологик, илмий тадқиқотлар ўтказиш учун шахсга доир маълумотларга ишлов берилаётганда мулкдор ва оператор, шунингдек учинчи шахс бу маълумотларни эгасизлантириши шарт.

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид