Kun.uz жамият, адабиёт, хусусан, ўзбек адабиёти масалаларига бағишланган туркум суҳбатлар лойиҳаси доирасида таниқли журналист, ёзувчи, филология фанлари доктори Хуршид Дўстмуҳаммад билан суҳбат ташкил қилди. Аввалроқ сайтимиз орқали мазкур суҳбатнинг биринчи қисми «Биздаги сунъий демократия шахсларни ҳам, эркин фикрни ҳам йўқотди». Хуршид Дўстмуҳаммад билан суҳбат» сарлавҳаси билан эълон қилинганди.

Қуйида суҳбатнинг иккинчи қисми билан танишишингиз мумкин.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

- Домла, мустақиллик йиллари ўзбек журналистикасига назар солган киши афсуски, бу соҳа жамият олдидаги ўз миссиясини тўла адо этолмаганини кўради. Сабаби, бу даврда (ҳозиргача) жамият ва матбуот ўртасида катта жарлик пайдо бўлди.

Тўғри, ўзбек журналистикасида ҳақиқатда кучли журналистлар кўп, лекин аксарият журналистларнинг иши раҳбарларга ҳамд-у сано ўқиш, шу орқали нимадир таъма қилиш, халқ дардини, уни қийнаётган муаммоларни эмас, фақат берилгани, айтилганини ёзиш, айтиш бўлиб қолди.

Сиз мана шу жараёнлар ичида бўлган инсон, соҳадаги кўпгина журналистларга билим берган киши сифатида ўзбек журналистикасининг мана шу ҳолга тушиши сабабларини ва бугун журналистика олдида турган вазифаларни нималарда кўрасиз?

- Сўз ва матбуот эркинлиги жуда оғир масала, у гап билан битадиган иш эмас. Соҳада қонунлар қабул қилинди, айнан 1995-2000 йилларда қабул қилинган қонунлар жуда яхши қонунлар эди.

Мамлакатда демократик жамият қуришга ҳаракат бўлди, аммо демократик жамият эмас, бошқарилувчи демократик жамият қурилди. Демак, кимдир бошқариб турибди, бундай бўлсин, ундай бўлсин деб. Ҳали шошмайлик, бу даражага етмадик, имкониятимиз йўқ, деган гаплар билан.