Бугун, 24 июнь куни «Локомотив» янги бош мураббийи Самвел Бабаян билан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Бабаян анжуманнинг кириш қисмида, саволларга жавоб бериш олдидан карьерасидаги ўтмиши ва бугуни ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди, деб хабар бермоқда Tribuna.uz мухбири.
«Дисквалификация қилинишим – адолатсизлик бўлганди»

«Бугундан карьерамда янги саҳифа очилмоқда. Футбол – менинг ҳаётим. Футболга қайтишим, айнан «Локомотив»дек муваффақиятли клубга келишим мен учун катта шараф. Бу таклиф учун раҳбариятдан миннатдорман. Клуб охирги уч йилдан буён ўзбек футболида етакчилик қилмоқда. Клубда иқтидорли йигитлар йиғилган, уларнинг ҳаммаси энг юқори марраларни кўзлайдиган ўйинчилардир. Клуб раҳбарлари ҳам – профессионаллар. Барчамиз мустаҳкам бир оила бўламиз.
Миллий жамоадан кетганимдан кейинги даврлардаги ишларимга келсак. Дисквалификация ва унинг бекор қилиниши, кейин Латвияда ишлаганим, сўнг ватанимга қайтиб, «Локомотив» клуби президентига маслаҳатчи бўлишим... Дисквалификация қилинишим сохта далилларга асосланганди. Бу адолатсизлик, ҳатто камситиш бўлганди.
Нега бундай қилинганди? Агар чуқурроқ қарайдиган бўлсак, менгача миллий жамоани бошқарган барча мураббийлар билан ҳам, катта эҳтимолки, худди шундай ҳолат кузатилган. Биз мақсадга эришишга яқин эдик, мухлисларимизга умид бағишлагандик. Афсуски, бизга қандайдир энг арзимас нарсалар халал берди», – деди Бабаян.
«Факт шуки, Сергеев – мамлакатимизнинг энг кучли ҳужумчиларидан»

«Аммо, яхши ҳамки, мендан олдин миллий жамоада ишлаган мураббийларга нисбатан бундай йўл тутишмаганди. Уларнинг ҳар бири ҳам 2 йил атрофида футболда ишламаган эдилар. Бу федерация президенти ҳурматли Мираброр Зуфаровичнинг донолигидан дарак беради. У миллий жамоанинг собиқ мураббийларини авайлаган эди.
Менга келганда эса, одамлардаги ғазаб, мухлислардаги норозилик... Мен ана шу ажиотаж марказига тушиб қолдим. Айбловлар, эътирозлар... Масалан, Сергеев номуносиб, шахсий манфаатини деб уни майдонга туширган... Келинглар, фактлар билан гапирайлик. Биринчидан, Сергеевни миллий жамоага мендан олдин ишлаган мураббийлар ҳам таклиф этган. Иккинчидан, Сергеев менинг қўл остимдаги «Пахтакор»да ўйнаб, миллий жамоага чақирилганида, бошқа футболчи эди. Мен «Пахтакор»дан кетганимдан кейин у бошқа мураббийлар қўл остида бўлди. Учинчидан, бугунга келиб Сергеев мамлакатимизнинг энг кучли ва энг иқтидорли ҳужумчиларидан бири эканини исботлади. У гол урмаган ўйинларда ҳам бизнинг тактик схемамизда жамоага катта фойдаси тегарди», – деб эслаб ўтди «Локомотив» бош мураббийи.
















