Икки дўст учрашиб, бири иккинчисидан сўрабди:

— Сени ўрмонда айиқ қувса нима қиласан?

— Қочаман.

— Етиб олса-чи?

— Дарахтга чиқиб оламан.

— Дарахтга ҳам чиқса-чи?

— Энг баланд шохига чиқиб жон сақлайман.

— Айиқ ҳам ўша жойгача чиқса-чи?

— Эй дўстим, сен менга ошнамисан ёки айиққа?

Бу бир латифа бўлса-да, ҳаётимизда учрайдиган баъзи бир ҳолатларга ўхшаб кетади.

Мен Японияда яшаб, илмий фаолият юритаман. Мақолам хулосасини олдиндан айтадиган бўлсам, ҳозирда биз, модомики, Ўзбекистон маҳсулотларини чет эл бозорларига олиб чиқишни истаётган эканмиз, ҳаракатларимиз айнан шу мақсадга хизмат қилиши лозимлигини, акс ҳолда маҳсулотларимиз экспорти йўлида ўз қўлимиз билан ғовларни яратишда давом этишимизни айтмоқчиман. Нега бундай деяпман?

Бошқа бир мақоламда айтиб ўтганимдек, кунчиқар юрт билан ўзаро ташқи савдо балансимиз 52>1 кўринишда (яъни бизнинг Японияга қиладиган маҳсулот экспортимиз ҳажми Япония бизга қиладиган экспорт ҳажмидан 52 баробар кам бўлиб турибди).

Яқинда маҳсулотларимиз япон бозорига кириб келаётганини кўриб, қувончим ичимга сиғмай кетди. Ўзбекистондан Японияга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортини йўлга қўяётган япон ширкати менежери билан суҳбатлашиб, раҳмат айтишни бошлаётган эдим, у менга муаммоларини айтиб қолди. Исмини ошкор этишни истамаган япон тадбиркори билан бўлиб ўтган суҳбат мазмунини ҳавола этаман.

— Фирмамиз сизнинг юртингиз билан савдо қилишни йўлга қўйди, Ўзбекистоннинг турли хил меваларини импорт қилишни бошлаганмиз. Яқинда Япония шаҳарларида юртингиз маҳсулотлари пайдо бўлади. Бироқ ҳаммаси яхши кетяпти деб айтолмайман…

— Нега энди? Ўзбекистон маҳсулотлари японларга ёқмадими?

Йўқ, маҳсулотларингизга гап йўқ. Бу соҳада сизларда жуда катта имкониятлар мавжуд. Буни ўзларингиз ҳам етарлича тасаввур қила олмайсиз.

— Унда гап нимада?

— Биринчи муаммо — Ўзбекистонда савдо компаниялари (trade company) йўқлиги. Бунинг сабаби эса — бундай компаниялар фаолиятига қонунчилик томонидан қўйилган тўсиқлар.