«Локомотив» бош мураббийи Самвел Бабаян ушбу лавозимга тайинлангани муносабати билан ташкил этилган матбуот анжуманида журналистларнинг турли мавзулардаги саволларига жавоб берди.

Бир соатдан ошиқроқ давом этган анжуман тафсилотларини Tribuna.uz мухбири келтириб ўтади.

Самвел Бабаян: «Келинглар, бўлган ишларни унутамиз»Бабаян миллий жамоада ишончни оқламагани учун узр сўраб, Лобанов бўйича қарорига изоҳ берди

– «Локомотив» – сиз учун жонажон клуб «Пахтакор»нинг принципиал рақиби...

– Бу клубга келишимга салбий бўёқ бермоқчи бўлганлар менинг ўтмишдаги карьерамдан фойдаланишмоқда. Менга «Пахтакор» эмас, «Локомотив» таклиф билан чиқди. Лекин томирларимда «Пахтакор» қони оқмоқда, менда «Пахтакор» ДНКси бор. Ҳаётимнинг 15 йилини шу клубга бағишлаганман.

Барча мураббийларда ҳам бундай давр бўлади – ишлашга, таклифни қабул қилишга тўғри келади. Мен «Локомотив» президенти билан суҳбатлашдим, уларга кераклигимни билдим. Уларнинг таклифи билан шу ердаман. Менга ишонишларини, клубда ишлар профессионал йўлга қўйилишини исташларини кўриб турибман.

– «Локомотив»га бош мураббий бўлишингиз ҳақида гап-сўзлар тарқалганда футболчилар биз Андрей Фёдоров учун ўйнаймиз, дейишаётгани маълум бўлганди. Таркибда сизга қарама-қарши бўлган футболчилар ҳам бор. Масалан, Темурхўжа Абдухолиқов...

– Темурхўжани мен «Бунёдкор» ўринбосарлари таркибидан чақирганман, у «Пахтакор»да ўзини кўрсата олган. У билан муносабатимиз ёмон, деган гапни қаердан олдингиз? Ҳа, у рақобатда ўйнаган. Лекин ҳозир рақобатдан холи экани яхши эмас. Бу унинг ўсиши учун ҳам ёмон. Спортчи рақобат бор жойда ўсиб боради.

Қолган футболчиларга келсак, беш дақиқа ичида улардан нима хоҳлашимни тушунтириб бердим. Табиий равишда ҳар бир футболчида хавотир бўлади, янги мураббийга мен керакманми-йўқми деган. Ҳозир мен учун жаҳондаги энг яхши футболчилар – «Локомотив» билан шартномаси бор футболчилардир.