Ўзбекистоннинг халқаро майдонда тутган кенг ўрни Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги мамлакат ташқи сиёсатининг ўзига хос хусусияти бўлиб қолмоқда. Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори ўринбосари Санжар Валиевнинг айтишича, бундай йўналиш ташаббускор ташқи сиёсатни талаб қилади. Эксперт Kun.uz сайтига берган интервьюсида Ўзбекистон раҳбариятининг янги ташаббуслари яқин қўшнилар билан муносабатларни қандай тарзда шакллантириши ҳақида сўз юритди.

- Москва ва Тошкент ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг Шавкат Мирзиёев даврида ривожланишини қандай таърифлаган бўлардингиз?

- Россия билан муносабатлар биз учун доимо стратегик аҳамиятга эга бўлиб келган. 2005 йилги келишувга мувофиқ, мамлакатларимиз ўртасида иттифоқчилик муносабатлари ўрнатилди, ҳамкорликнинг кенг қамровли дастурлари доимо қўллаб-қувватланди. Шавкат Мирзиёев президентликка келиши билан икки томонлама ҳамкорликнинг барча соҳаларида алоқалар жадал ривожлана бошлади. Буни қуролланмаган кўз билан ҳам кўриш мумкин.

Ҳамкорликнинг бундай жадаллашуви давлатимиз раҳбарининг динамик бошқарув услубини ва Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг юқори суръатини акс эттиради. Мамлакатимизда иқтисодий ўсишнинг жадаллашиши ташқи ҳамкорлар билан максимал даражада ҳамкорлик қилишни талаб қилади. Ва Россия улар орасида етакчи ўринни эгаллайди.

Сўнгги икки йил ичида, айниқса, президент Мирзиёевнинг Россия раҳбарияти билан музокаралари давомида эришилган натижаларни ҳисобга олган ҳолда, мен ушбу ҳамкорлик даврини илгари ишлаб чиқилган ва ҳозирда фаол ривожланиб бораётган икки томонлама норматив-ҳуқуқий асоснинг амалий ижросига ўтиш деб таърифлаган бўлардим.

- Россия бош вазири Дмитрий Медведев Ўзбекистонга қилган охирги ташрифи чоғида Россия телеканалига берган интервьюсида мамлакатлар ўртасидаги муносабатларда совуқчилик даври ҳам бўлганлигини айтди.

- Албатта, турли даврлар бўлган, баъзида бизни қониқтирмаган ҳолатлар ҳам кузатилган. Шуни англаш лозимки, бу халқаро муносабатлардаги оддий жараён ҳисобланади, чунки мамлакатлар ташқи сиёсати асосида миллий манфаатлар ётади. Улар қаердадир кесишади, қаердадир мос келади, яна қаердадир ажралади. Шунга қарамай, икки томонлама кун тартибимизда муносабатлардаги ўзаро ҳурмат ҳар доим ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган. Биз доимо Россия манфаатларини эътироф этдик ва ҳисобга олдик, унинг ўзимиз аъзо бўлган халқаро ташкилотлар доирасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватладик ва Россия томонидан ҳам худди шундай ёрдам олдик.

Ҳозирда хорижий экспертлар янги очиқ Ўзбекистон ҳақида кўп гапиришмоқда ва ёзишмоқда. Бу очиқлик чегаралар ва иқтисодий жиҳатларгагина тааллуқли эмас. Агарда ташқи сиёсат ҳақида гапирадиган бўлсак, демак, гап ҳамма билан очиқ мулоқот қилиш ҳақида бормоқда. Бу муносабатларни барча ҳамкорлар билан бир хил интенсив равишда ривожлантирамиз. Шу билан бирга, баъзилар билан ҳамкорлигимизда бошқаларга зарар етказмаслигимиз керак. Бу жуда муҳим ҳисобланади.