Плагиат нафақат санъатда, балки адабиётда, фан ва таълимда ҳам кўп учрамоқда, дейилади «Ҳуррият» газетасининг 15-сонидаги «Плагиат, кўчирмачилик ва оқибат» мақоласида.
Мақола муаллифи ўзбек адабиётида плагиатнинг турли-туман шакллари кузатилаётганини ёзади.
«Газетада бир ҳикоя ўқидим, унинг сарлавҳаси остида «фалончиев тайёрлади» дейилган экан. Рукн ─ Жаҳон адабиёти дурдоналари. Ҳикоянинг муаллифи қайд этилмаган. Ё материални тайёрлаган кишининг ўзи жаҳон адабиётига дахлдор шахсмикан, деб ўйладим. Лекин ўзим билган муаллифлар орасида бундай исмни учратмадим. Хотирамга ўқиганларим келаверди. Охири эсимга тушди: газетадаги материал Паустовскийнинг «Кекса ошпаз» ҳикоясининг на таржимаси, на табдили эди: ўзбекча матнда унинг сарлавҳаси, бадиий деталлари, Моцартдан бошқа қаҳрамонларнинг номи ўзгартирилганди. Бу на тақлид, на таржима, на шарҳ, на табдил эди...»
Муаллиф Бозор Илёс ал-Аминнинг баён этишича, фан ва таълим соҳасида ҳам плагиатликнинг чеки йўқ. Айниқса, талабаларнинг диплом ҳимоя қилишида бу ҳолат кўп учрайди ва бу сифатга таъсир қилмай қолмаяпти.
«Баъзан ҳатто кўп йиллик тажрибага эга тадқиқотчилар ҳам монографияларда аввал ўзга илмий ишидан бир иқтибосни «қоида» га амал қилиб оладилар, кейин беш-ўн саҳифагача тап тортмай кўчирадилар. Гўё «тирноқ» ичидагиси китоб муаллифиники-ю, қолганлари эса кўчирган жаноб қаламига мансубдай. Ҳеч бўлмаса, ора-сирада манбаа кўрсатилса ҳам майли эди. Плагиат замирида нима бор? Азалдан ўзи лойиқ бўлмаган обрўга эришиш учун ёки машҳурлик касалига (мания величия) йўлиққанлар кўчирмакашлик қилади. Гоҳида эса иложсизликдан бунга қўл уради. Биринчи ҳолат ҳақида кўп айтилган. Иккинчи ҳолат, айниқса, олий таълим тизимида битирув малакавий иш ёзиш (БМИ) ва ҳимоя қилишда бор бўй-басти билан намоён бўлади. Талаба 70-90 бетлик ишни тайёрлаши керак. Ўзи бир саҳифа у ёқда турсин, бир жумлани ҳам мустақил равишда тузолмайди. Унга умрида ҳали бирор варақ илмий мақола ёзмаган киши илмий раҳбарлик қилиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Нима қилсин? Талабанинг иложи йўқ: у ё ишни бирор жойда кўчириб олади, ё кўчириб беришади. Ё тайёрини сотиб ола қолади. Бу жараённи кўпчилик билади. Лекин ҳалигача бирор мутахассис ёки мутасадди бу борада оғиз очганини кўрмадим. Ким ҳам ўзи ўтирган шохни арраларди?
Ҳамма битирув малакавий иш ёзиши шартми? Бу вазифани фақат ўзи хоҳиш билдирган иқтидорли талабаларга юклаб, ўқув режасида БМИга ажратилган юкламанинг қолган қисмини (соатларни) мутахассислик бўйича назарий ва амалий дарслар учун тақсимлаб чиқиш ва соҳа бўйича давлат имтиҳонларини оғзаки топширишни қайта жорий этиш балки самаралироқ бўлар? Шунда китоб ўқиш ва уқиш яна талабанинг асосий вазифаси эканлигини улар ҳис қилишар? Ахир тўрт йил олийгоҳда юриб, кутубхона қаердалигини билмай, битта ҳам китоб ўқимай диплом олиб кетаётганлар озми? Битирув малакавий ишлар қаерда сотилади, дейсизми? Интернет бир зумда минглаб тайёр диплом ва битирув малакавий ишлар рўйхатини олдингизга ташлайди. Шунингдек, диссертацияларни ҳам» , ─ дея ёзади у.















