Олий Мажлис Сенати раислигига аёл кишининг сайланиши мамлакатда гендер тенглигини таъминлаш йўлидаги муҳим сиёсий қадам бўлди, – деб ҳисоблайди Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилла Тиллабоев. У бу ҳақда Марказ ҳамда БМТнинг Ўзбекистондаги бир қатор идоралари билан ҳамкорликда ташкил этилган «Барқарор ривожланиш мақсадлари йўлида индикаторларни жорий этиш»  мавзусидаги конференцияда тўхталиб ўтди.

«Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда Ўзбекистон ҳам фаол ҳаракат олиб бормоқда. Хусусан, бу мақсадларнинг 16тасини миллийлаштириш ва амалга ошириш бўйича ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этиляпти, бир қатор натижаларга ҳам эришилди. Хусусан, оналар ва болалар ўлими кўрсаткичи камайди, гендер тенглигини таъминлаш масаласи долзарб бўлиб турибди. Сенат раислигига аёл кишининг сайланиши орқали Ўзбекистон палата раҳбари аёл киши бўлган саноқли —  56та давлат сафига кирди» , —  дея таъкидлайди Тиллабоев.

Эслатиб ўтамиз, Сенатнинг 20-ялпи мажлисида Хотин-қизлар қўмитасининг собиқ раиси Танзила Норбоева Олий Мажлис Сенати раиси лавозимига тасдиқлангани ҳақида хабар берилган эди.

Мазкур тадбир барқарор ривожланиш йўлида миллий индикаторларни белгилаш ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича давлат органларининг ҳисобдорлиги ошириш мақсадида ташкил этилмоқда. Таъкидланишича, ҳали дунёда барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича синалган аниқ тажриба мавжуд эмас. Шунингдек, барқарор ривожланиш мақсадларининг 92 фоизи бевосита инсон ҳуқуқлари устуворлиги билан боғлиқ.

«Ўзбекистонда амал қилаётган ҳаракатлар стратегияси ҳар томонлама барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ келади. Унда сифатли таълим, инсон ҳуқуқлари ҳимояси, гендер тенглиги, давлат органлари фаолиятининг шаффофлиги, коррупцияга қарши кураш, меҳнат ислоҳоти масалалари қамраб олинган» , —  дея баён қилди БМТнинг Ўзбекистондаги вакили Ҳелена Фрейзер.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими бошлиғи Ришард Комендага кўра, барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда Ўзбекистонда етарлича имконият мавжуд.

«Мамлакатда инсон ҳуқуқлари таъминоти ва муҳофазасини йўлга қўйишда мавжуд ҳолатлар ҳақида аниқ маълумотларни йиғиш, статистик кўрсаткичларни белгилаш муҳим аҳамият касб этади. Чунки бундай ҳисоботлар бизнинг танлаган йўлимиз тўғри ёки йўқлигини, кейинги ҳаракатлар қандай бўлиши кераклигини кўрсатиб беради. Инсон ҳуқуқларининг таъминланишида давлат идораларининг ҳисоботлари, жавобгарлиги муҳим. Уларда бу бўйича салоҳиятни пайдо қилиш керак. Мазкур семинар ҳам шу мақсадга хизмат қилади» , —  дея қайд этди у.