Европада ёзги трансферлар давом этмоқда.

Федерико Кьеза, «Фиорентина»
Transfermarkt бўйича нархи – 60 млн евро

Бу қайсар қанот ҳужумчиси Криштиану Роналдунинг ёшлигини эслатиб юборади. У дарвоза томон кўп зарба беради, рақиб билан тўп учун кураш вақтида осонлик билан йиқилади, икки-уч рақиб қаршисида дриблинг ишлатишга киришади ва баъзида нозик паслари билан ҳайратга солади. Тўғри, «Фиорентина»нинг жуда ёмон ўтган мавсуми унинг статистикасига ҳам салбий таъсир кўрсатди: бир мавсумда атиги 10 гол ва бир узатма. Бу кам, аммо уни шериклари қўллаб-қувватлашмади. Флоренцияликлар А Сериянинг сўнгги 14 учрашувида битта ҳам ғалабага эриша олмади, жамоа иккинчи мавсумда фақат икки ўйинда ғалаба қозонди ва натижада мавсумни 16-ўринда якунлади. Бундай жамоада порлашнинг имкони йўқ, аммо Кьезага алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биринчи навбатда «Ювентус» томонидан. Италия терма жамоаси аъзоси бўлган бу 21 ёшли футболчига «ПСЖ», «Наполи», «Интер» ва «Тоттенҳэм» ҳам талабгор.

Сергей Милинкович-Савич, «Лацио»
Transfermarkt бўйича нархи – 65 млн евро
«Лацио» президенти Клаудио Лотито муроса қилмоқчи эмас: «Милинкович-Савич? Фақат бир гапни айтишим мумкин, у сотилмайди. Аммо яна бир гап айтишим мумкин, агар биз чиндан ҳам яхши таклиф олсак, унда бу масалани футболчи билан муҳокама қиламиз». Бу Лотитога хос тадрижийлик.

Сербиялик футболчига бир неча катта клублардан қизиқиш мавжуд. Поль Погба учун ўзаро рақобатлашаётган  «Реал» ва «Ювентус» Сергейни захира вариант сифатида белгилаб олишган. Унинг ўйинларини кузатиб келаётган яна бир катта клуб эса – «Манчестер Юнайтед».

У аввалги мавсумда кашфиётга айланганди, аммо ўтган йил ёзида римликлар клуби раҳбарияти уни 90 миллион еврога ҳам сотмаганди, якунланган мавсумда эса у ўсишдан тўхтади. Аммо бу марказий яримҳимоячи ҳамон жисмоний жиҳатдан устунликларга эга ва «Лацио»нинг асосий футболчиси. У иккинчи қаватда яхши ҳаракатланади, аъло даражадаги дриблингга эга ва узатмалари сифатли. Қолаверса, ушбу серб катта ўйинларда ўзини йўқотиб қўймайди. Айнан у Италия Кубоги финалида гол уриб, «Лацио»га ғалаба келтирганди. Ўшанда Милинкович-Савич ўйин охирида захирадан майдонга тушганди. У майдонда барча ишни қила олади, фаол ҳаракатланади – скаутлар уни Поль Погбага муқобил вариант сифатида кўриши бежиз эмас. У «Лацио»да узоқ вақт қолмаслиги аниқ.