Ўзбекистон | 13:48 / 27.06.2019
25889
3 дақиқада ўқилади

Хусусийлаштирилган мулклар нега тортиб олиняпти? 

Фото: Depositphotos

Айрим тадбиркорларнинг хусусийлаштирилган мол-мулклари хусусийлаштириш жараёни ноқонуний бўлган, деган турли важлар билан тортиб олинмоқда. Ваҳоланки, Қонунчилик палатаси томонидан 2012 йил 19 июлда қабул қилинган ва Сенат томонидан 2012 йил 30 августда маъқулланган « Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида» ги қонуннинг 24-моддасида «Давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнида вужудга келган хусусий мулк дахлсиздир. Хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмайди ва бекор қилинмайди», деб белгилаб қўйилган. 

Қонунда таъкидланган тартибга номутаносиб равишда юқоридаги каби ҳолатлар тез-тез учраб турибди. 

«Давлат тасарруфидан чиқариш жараёнининг босқичларидан бири хатловдан ўтказиш ҳисобланади. Эндиликда бу соҳани ҳам хусусий секторга,  яъни профессионал аудиторлик компанияларига бериш устида иш олиб бораяпмиз», —  дейди давлат активларини бошқариш агентлиги департаменти бошлиғи Ҳайдаров Бахтиёр.

Қарс икки қўлдан чиқади

Тадбиркор бирор бир мулкни хусусийлаштиришдан аввал маълум бир мажбуриятларни зиммасига олади ва белгиланган вақт ичида уларни амалга ошириши зарур. 

Давлат активларини бошқариш агентлиги департаменти бошлиғи Ж.Қудратовнинг айтишича, ўз вақтида фаолият турини сақламаган, белгиланган инвестиция шартларини бажармаган, сохта ҳужжат қилиб ўзлаштириб олган ёки ишчи ўрни яратмаган тадбиркорлардан қонунга асосланган ҳолда мулклари олиб қўйилмоқда.

Тизим шаффофлигини таъминлаш мақсадида

«Кичик объектлар учун «E-IJRO AUKSION »  ташкил этилган. Ундан кўзланган асосий мақсадлардан бири ҳам, бу каби ҳолатларнинг олдини олиш ва жараёнга инсон омили таъсири камайтиришдан иборат» , —  дея тушунтириш берди Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Аҳадбек Ҳайдаров.

Шунга қарамай, ўтган йилларда хусусийлаштирилган мол-мулкни тортиб олиш инструменти сифатида кўрилаётган услуб —  хатловда йўл қўйилган хато, ер-жойни нотўғри ўлчаш ва бошқа важлар ортидан турли гуруҳлар манфаати илгари сурилиши иддао қилинади.

Мавзуга оид