Эрталабки пайт «Беруний» метросидан чиқиб, «Шифокорлар шаҳарчаси»га қараб кетишда, йўлнинг чап тарафида катта издиҳомнинг тўпланиб тургани кўзга ташланади.
Суриштирсангиз, республика онкология марказининг олдидаги одамлар шифокорлар қабулига кириш учун навбат кутиб ўтиришган бўлади. Навбатлар сабабини аниқлаш мақсадида муассасадаги ҳолат билан танишдик. Муассасадаги шароит ҳақида беморларнинг ўзлари етарлича маълумот беришди.
Онкология ва тиббий радиология илмий-амалий маркази республикада саратонни даволашга мўлжалланган бош муассаса ҳисобланади. Муассаса ҳузурида республика бўйлаб 16та йирик онкология диспансерлари ҳамда шаҳар ва туман поликлиникаларида 232та онкокабинетлар ташкил этилган. Бутун республика бўйлаб умумий ҳисобда 2265та онкология койкаси (керакли ускуналар билан жиҳозланган даволаниш ўрни) мавжуд бўлиб, унинг 145таси болалар учун мўлжалланган. Марказда онкологик хасталикларни ташхислаш ва даволаш ишлари билан бир қаторда саратон касалликларини тадқиқ қилиш бўйича илмий изланишлар ҳам олиб борилади.
Дастлаб, мазкур тиббий муассасадаги ҳолатлар, хизматлар сифати ҳақида беморларнинг фикрлари ўрганилди (беморларнинг илтимосига биноан исм-шарифлар кўрсатилмади).
«Рўйхатга оладиган жой атиги иккита»
Биринчи бемор:
── Онкология маркази эрталаб саккиздан тушки 2гача ишлайди. Ишини битиришга ким улгуради, ким йўқ. Эрталаб еттиданоқ дарвоза олдида катта оломон тўпланади. Навбатнинг чеки йўқ. Одамлар ҳам, машина ҳам битта жойдан кириб чиқади. Саккизгача дарвозани ёпиб туришади: дарвоза очилгандан кейин тўполонни кўринг ─ ҳамма тезроқ навбат олиб, биринчи бўлиб қабулга кириб чиқишга шошилади. Чунки рўйхатга олинадиган жой атиги иккита. Одам эса жуда кўп. Фақат тушгача қабул қилишгани учун улгуриб қолиш қийин масала.
«Муолажалардан кўра навбатлар одамнинг силласини қуритади...»
Иккинчи бемор:
─ Бу ердаги ходимларнинг муомаласидан кўнглим тўқ. Шифокорлар ташхисни, ҳолатингиз ҳақидаги маълумотларни батафсил, ҳафсала билан тушунтиради. Ҳамширалари ҳам яхши. Фақат навбат муаммосидан кўп қийналамиз. Ўзингизга маълум, онкология бир-икки марта келиб кетган билан ҳал бўладиган касаллик эмас. Одамлар ойлаб вақтини шу ерга қатнаб ўтказади. Лекин муолажалардан ҳам кўра кўпроқ навбат одамларнинг силласини қуритади. Даволовчи шифокорлар сони кўпайтирилса ёки навбат назоратга олинса, яхши бўларди.
«Жанжалларга кўп гувоҳ бўлганман»
















