Таҳририятимизга мурожаат қилган, ҳасратидан ўт чиқувчи аёлнинг хати биринчи ўқишдаёқ кишини ўйга толдиради:

«Мен Зокирова Манзура, Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани «Нурафшон МФЙ»да 5 нафар фарзандим билан яшаб келаётган эдим. Ёлғиз онаман. Менинг 5 нафар фарзандим боқувчисини йўқотган. 2017 йил 18 декабрь куни яшаб турган уйим ёниб кетди. Мен ўша куни ишда эдим. Хуллас, маҳалла фуқаролар йиғини, туман ва вилоят ҳокимлиги барча ташкилотлар бундан хабардор бўлишди. Аммо ҳеч қандай натижа бўлмади. Шундан сўнг Президент виртуал қабулхонасига мурожаат қилдим. Шундан сўнг 2018 йил сентябрь ойида Шароф Рашидов тумани ҳокими С.Исмоиловнинг саъй-ҳаракати билан аввал 10 миллион, 2 ноябрь куни 25 миллион маблағни ўзимнинг шахсий пластик карточкамга ёниб кетган уйимни таъмирлаш учун ташлаб беришди. Ҳаммаси шундан сўнг бошланди. Менга уй таъмири учун берилган маблағ ҳокимиятдаги қурилиш бўлимидагилар томонидан ишлатиб юборилди. Уйимни чала таъмирлаб кетишган. Айни дамда беш нафар фарзандим билан ижарама-ижара яшаб юрибман. Ҳақиқат юзага чиқишида ёрдамингизни аяманг».

Таҳририятдан кўмак сўраб мурожаат қилган Манзура Зокировани йўқлаб борганимизда ҳақиқатдан ҳам Шароф Рашидов тумани «Нурафшон» МФЙдан эмас, балки шаҳардаги 1/3 миттитуманига қарашли кўп қаватли уйлардан топдик. Мурожаатчининг таъкидлашича, унинг ўз уйи яшаш учун мутлақо яроқсиз, шу боис у бугунги кунда 300 000 минг сўм ижара ҳақи тўлаб, фарзандлари билан ижарада кўп қаватли уйлардан бирида яшашга мажбур бўлмоқда.

Манзура Зокирова нимадан норози?

— Шахсий пластик карточкамга пул келиб тушгач, уни Шароф Рашидов туман ҳокимлиги қурилиш бўлими муовини Жамшид Рустамовга бердим. Чунки у менга телефон қилиб, «пластигингизга тушган пулни бизга олиб келиб беринг, таъмирлаш ишлари учун ишлатамиз», деди. Мен у айтган жойга пластик карточкани олиб бориб бердим.

Натижа шу бўлдики, уйимни хўжакўрсинга таъмирлаб беришди. Ҳануз уйимнинг том қисми сувалмаган. Ёмғирлар уйимнинг ичини ювиб кетди. Мен бу уйда қандай яшайман? Туман ҳокимлигидан ишчи гуруҳ келиб бу аёлга ёрдам берамиз, қолганларини ҳам таъмирлаб берамиз, дейишди. 2019 йил 10 февраль куни қурилиш инспекциясидан келиб, ўзимнинг иштирокимда уйимнинг аҳволини ўрганишди ва тўғри хулоса ёзиб беришди.

Мен ҳануз 5 нафар фарзандим билан квартирада ижарада яшаб келмоқдаман. Ҳеч қаерда ишламайман, ҳозирда чойхонада идиш ювувчиман, бир кунда 20 минг сўм пул топаман. Меҳнат вазирлигига ёзиб ҳам иш тополмадим. Ёнган уйимни чала ҳолатда таъмирлаб кетишган. Яшашга яроқли эмас. Шунча одам келиб кўрди. Ким бу ҳақиқатни юзага чиқаради? Ҳокимиятдагиларнинг ваъдалари ва алдови қачонгача давом этади?