Намунали уйларнинг талабга жавоб бермаслиги ҳақидаги танқидий мақолалар кунда-кун ора матбуот юзини кўряпти. «Жамият»​ газетасида Карим Баҳриевнинг намунали уйлар ислоҳотининг ўзини оқламаётганига қандай омиллар сабаб бўлаётгани ёритилган мақоласи эълон қилинди. Қуйида мақола ҳавола этилади.

Давлат ва ҳукумат раҳбарлари кам таъминланган аҳоли учун, ёшлар учун намунали уйлар қурамиз, деганда кўплар хурсанд бўлди, умидланди, ичда хурсанд бўлиб юришди. Лекин бу соҳада қатор камчиликлар бўлди ва бўляпти. Бу ҳақда матбуот деярли ҳар куни бонг урмоқда. Уларнинг сарлавҳаларига қаранг: «Намунали уйларнинг «намунали»​ муаммолари»​, «Навоийда намунавий уйларнинг нақ элликтаси яроқсиз экани кундай равшан бўлиб қолди...»​, «Тошкентдаги янги уйнинг муаммолари қачон ҳал этилади?»​, «Самарқанд аҳолиси намунали уйлар сифатидан шикоят қилмоқда», «Намунали уйларнинг аянчли аҳволи»​ ва ҳоказо. Бу сарлавҳаларни тўқимадик, мазкур мақола ва фельетонларни бемалол ўқишингиз мумкин: сарлавҳани изловчи сайтларга қўйиб, топишни буюрсангиз Интернет топиб беради. Уларни такрорламоқчи эмасмиз. 

Нега бундай бўлаётгани ҳақида мулоҳаза юритамиз. Нима қилиш кераклиги ҳақида фикр юритамиз. Олдиндан айтаман – бугунги ҳар қандай муаммонинг илдизи мамлакатда тизимий ислоҳотларни талаб қилади.

Сув сойга оқар

Халқимизда: «Бой – бойга боқар, сув – сойда оқар»​, деган ҳикмат бор. Тасаввур қилинг, сиз район (туман - таҳр.) ҳокимисиз. Ҳукумат ҳар туманда намунали уйлар қурилсин, деб қарор чиқаради ва ижрочи масъулияти ҳудудингизда сизга юкланган. 

Яшириб нима қилдик: бу дунёда ҳар бир ишнинг таги сармояга, пулга бориб қадалади. Давлат банкка уларни қисман кредитлашни, молиялаштиришни топширган, лекин банкнинг пули ҳам чексиз эмас, ҳар куни бир қарор чиқарилади – ёш оилаларга кредит, кичик тадбиркорларга кредит, товуқ боқишга кредит, оилавий пудратга кредит, ижодкорларга уй ажратишга кредит, кам процентга кредит, фоизсиз кредит... Қолаверса, кредит бу – қарз ва у ўз муддатида қайтарилиши керак. Банкларга берилган кредитларни қайтармагани учун ҳам жазо бор.

Ҳоким қараса, бойларнинг пули бор, лекин уйи етарли, камбағалнинг уй орзуси бор, лекин пули йўқ. Туманда у ҳатто бошланғич пулини ҳам қариндошидан қарз олмай ё рўзғорни боқиб турган мол-ҳолини сотмай, тўлолмайди.

Ҳоким тумандаги бадавлатларнинг рўйхатини олади ва ҳар биринг биттадан намунали уй оласан, дейди. (Бу ҳам бизнинг «ўзига хослигимиз»​ – бизнесни ҳомийликка зўрлаш. Наврўзга пул ўтказ, кўчани асфальт қилиб бер, мактабни таъмирлаб бер ва ҳоказо).