Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 22 ноябрь куни қишлоқлар ва шаҳарларда аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тизимини жорий этиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда қишлоқларда ҳам уй-жой қурилиши тизимини ислоҳ қилиш, буюртмачи функциясини «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компаниясидан босқичма-босқич хусусий секторга ўтказиш масалалари муҳокама қилинди. 

Энди қишлоқларда уй-жойлар йўл бўйларида бир қатор қилиб эмас, шаҳар ва туман марказларига туташ ҳудудларда мавзелар шаклида қурилиши таъкидланди. Бунинг натижасида келгусида туманларни йирик агломерацияга айлантириш мумкин. Бу эса инфратузилма харажатини камайтиради, аҳолининг иқтисодий фаоллигини оширади, ерлардан самарали фойдаланиш имконини беради.

Видеоселектор йиғилишида бундай мавзеларга ер ва кредитлар ажратиш, инфратузилма тармоқларига улаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш борасида жойлардаги раҳбарларга батафсил тушунтириш берилди. 

Президент Шавкат Мирзиёев уй-жой сотиб олиш учун бошланғич бадал ва ипотека кредити фоизини қисман қоплаш масаласида таниш-билишчилик ва бошқа суиистеъмолчилик ҳолатларига барҳам бериш кераклигини айтди. Бюджетдан ажратиладиган субсидиялар айнан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига етиб боришини сўзсиз таъминлаш лозим.

Субсидия учун келгуси йил бюджетидан 1 триллион сўмга яқин маблағ ажратилади ва умуман олганда 16 мингта оиланинг шаҳар ва қишлоқларда уй-жойлар сотиб олишини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Аҳоли субсидия олиш учун талайгина ҳужжатлар тўплаб, қатор идораларда сарсон бўлиб юриш ҳолларига чек қўйилади. Энди аризалар Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг ҳудудий бошқармаларида ташкил этилган доимий комиссияларда кўриб чиқилади ва кам таъминланган оилаларнинг манзилли рўйхати шакллантирилади.

Ушбу комиссиялар таркибида банк, молия, солиқ, меҳнат, маҳалла ва бошқа идоралар вакиллари бўлади. Бундан ташқари, комиссия йиғилишида истаган фуқаро иштирок этиб, ўз фикрини билдириши мумкин бўлади. Қолаверса, субсидия бериш масаласи кенг жамоатчилик билан муҳокама қилиниши лозим бўлади.

Ҳар бир вилоят ҳокимлиги 2020 йилда уй-жой сотиб олиш учун кам таъминланган оилаларни аниқлаш, уларга навбат билан субсидия тўлаш тартиби ва мезонларини ишлаб чиқиб, ўз ҳудудларида ижобий тажриба жорий этишлари зарурлиги таъкидланди.