Ўзбекистон | 10:43 / 21.11.2020
15080
2 дақиқада ўқилади

Шаҳрисабз туманида газ йўқ ҳудудда газга мослашган намунали уйлар қурилганди, мантиқсизлик жабрини халқ чекмоқда

Kun.uz мазкур туманнинг Равот маҳалласидаги иситиш муаммосини январ ойида ёритиб, мутасаддилар эътиборига ҳавола этганди. Аммо бепарволик иллати орадан 10 ой ўтиб ҳам бу муаммо ўз ҳолича ташлаб қўйилганига сабаб бўлган кўринади. Бугун изғириндан жони ҳиқилдоғига келган шаҳрисабзликлар яна таҳририятга мурожаат қилди.

Гап шундаки, 521та хўжалик истиқомат қилаётган намунавий уйларнинг иситиш тизими табиий газга мослашган. Аммо табиий газ бу ҳудудда йўқ. Табиий газга мослашган индивидуал қозонхоналарда аҳоли қишнинг совуқ кунларида ўтин ҳам, кўмир ҳам ёқиб кўришган, аммо фойдасиз. Ҳатто айримлар суюлтирилган газ баллони ҳам улаб кўрган...

Йил бошида «Модомики табиий газ берилмас экан, бошқа турдаги ёқилғи билан ишламас экан, ҳеч нарсага ярамайдиган бундай қозонхоналар ўрнатиб (эҳтимол, «ўтказиб»), уйлар нархини ошириш кимга керак эди?» деган савол қўйилганди. Унинг жавобсиз қолгани майли-ку, бу мантиқсизлик жабрини аҳоли чекаётганига ачинади одам.

Равотликларнинг бугунги мурожаатида иситиш тизими ишламаётгани етмаганидек, электр таъминоти ҳам сўнгги кунларда абгор экани айтилмоқда.

«Уйларимизни электр билан иситишга мажбур эдик, мана энди бундан ҳам мосувомиз», дейди Равот маҳалласи яшовчилари.

Модомики, янги уйлардаги қозонхоналар ишламас, аҳоли электр иситкичларга мурожаат қилаётган экан, фикримизча, яроқсиз қозонхона ўрнатган қурувчиларга баҳо бериш, ҳеч бўлмаганда ишлайдиган қозонхоналар ўрнаттириш керак. Аммо бу ишни қилдира оладиган ташкилот ўн ойки Қашқадарёда топилмаяпти.

Мавзуга оид