Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев барча йигит-қизларни Ўзбекистон ёшлари куни билан табриклади. Табрик матни президент матбуот хизмати томонидан келтирилган.

Қадрли фарзандларим!

Сиз, азиз ўғил-қизларимни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни юртимизда кенг нишонланаётган Ёшлар куни билан чин қалбимдан табриклайман.
Ушбу қутлуғ айёмда барчамиз ёшлик инсон умрининг нақадар гўзал ва беғубор фасли, улкан орзу-умидлар, беқиёс имкониятлар даври эканини янада чуқур ҳис қилиб, сиз, навқирон фарзандларимизга энг эзгу тилакларимизни изҳор этамиз.

Ўтган қисқа даврда жамиятимиз ҳаётидан мустаҳкам ўрин эгаллаган бу байрам давлатимиз, халқимиз ўз фарзандларининг бахти ва камоли учун ҳеч нарсани аямаслигини, мамлакатимиз ёшлари ҳам Ватанимиз равнақи учун хизмат қилишни ўз ҳаётининг мазмуни деб билишини яққол ифода этмоқда.

Ҳақиқатан ҳам, ёшларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш юртимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, доимо эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда.

Буни кейинги икки йилда шу соҳага оид 3 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг ўнлаб фармонлари, қарор ва фармойишлари қабул қилингани ҳамда шу асосда улкан ишлар амалга оширилгани ҳам яққол тасдиқлайди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, ҳудудларда эса ҳокимлар раислигида Ёшлар масалалари бўйича идоралараро кенгашлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ёшлар масалалари бўйича комиссия ва “Ёшлар клуби” иш бошлади.

Йигит-қизларимизнинг бизнес лойиҳалари учун “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси томонидан бугунги кунга қадар 692 миллиард 400 миллион сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилиб, 25 мингга яқин янги иш ўрни яратилгани, республикамиз бўйича 125 та “Ёшлар меҳнат гузари”, 19 та “Ёш тадбиркорлар” коворкинг маркази фойдаланишга топширилгани айниқса эътиборлидир.

Юртимизда ташкил этилаётган янги-янги боғчалар, мактаблар, олий ўқув юртлари, нуфузли хорижий университетларнинг филиаллари, маданият ва спорт иншоотлари, “Темурбеклар мактаби”, “Президент мактаблари”, “Ижод мактаблари” деб ном олган мутлақо янги намунадаги таълим масканлари бугунги глобаллашув шароитида рақобатга қодир бўлган  етук кадрларнинг янги авлодини тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Кейинги пайтда умумхалқ ҳаракатига айланиб бораётган беш ижобий ташаббуснинг мазмуни ва аҳамиятини ёшларимиз чуқур тушуниб, уни амалга оширишда фаол иштирок этаётганини биз албатта юксак баҳолаймиз. Бу йўналишда амалга оширилаётган катта қурилиш ва ободончилик ишлари билан бирга, “Ёшлар кутубхонаси” туркумидаги 470 мингта бадиий адабиётлар республикамиздаги барча мактаблар ҳамда Ёшлар иттифоқининг маҳаллий кенгашларига бепул тарқатилгани муҳим аҳамиятга эга.