Ҳар бир инсон янги хонадонга кўчиб кирганида яхши ниятлар билан бу ишни амалга оширади. Янги уй, янги режалар, янги ҳиссиётлар... аммо орадан кўп ўтмай буларнинг бари саробга айланса нима бўлади? Буни икки оғиз сўз билан тушунтириб бериш қийин. Яъни, олинган уй кўп ўтмасдан нурашни бошласа ва одам боласи яшамайдиган бир ҳолатга келса. Бу ҳам камдек, масъул ташкилотлар бу ҳолатга эътибор бермаса. Kun.uz таҳририятига юборилган навбатдаги мурожаат эгаси худди ана шундай шароитда оиласи билан кун кечирмоқда.

Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳри, «Буюк Турон» маҳалласининг Кеч кўчасида жойлашган уйлардан бирида истиқомат қилувчи Бобур Ёқубов 2018 йилнинг июнида яхши ниятлар билан уй сотиб олади. Аммо орадан кўп ўтмай уйнинг камчиликлари фош бўла бошлайди. Барча гап эскириб кетган ва бунинг ортидан аянчли ҳолатга келиб қолган канализация қувурлари ҳамда катта ишонч билдирилган ширкатда эди.


«Кўчиб келганимга бир йил бўлди. Коммунал тўловларини ойма-ой, ўз вақтида тўлаб келаман. Аммо ширкат шунга яраша мавжуд муаммоларни ҳал этмаяпти. Уйнинг подъездлари ачинарли ҳолатга келиб қолган. Канализация қувурлари чириб кетган, авариявий ҳолатда. Ҳар ҳафта сув тиқилиб, чиқинди аралаш сассиқ сув уйга чиқиб келади. Мен турадиган уйнинг ертўласи чиқиндига тўла. Булардан бир сўм қарздор бўлмасам, муаммони бориб айтсам, эътиборам қаратишмайди», дейди мурожаатчи.


Маълумотларга кўра, Бобур Ёқубов ҳар ой ширкатга 30-40 минг сўм пул тўлайди. Суратларда кўриниб турганидек, уйнинг ертўласи чиқиндига тўла ва улар анча олдин ташлангани билиниб турибди.

Шу тобда Бобур Ёқубов ва ширкат ўртасида яқинда бўлиб ўтган бир воқеани келтириб ўтсак. Мурожаатчи муаммони интернетда кўтариб чиқмоқчилигини ширкатдагиларга айтади. Албатта, улар мурожаатчидан норози бўлишади ва ўз эътирозларини билдиришади. Табиийки, қуруқ гаплардан иборат эътирозларга Бобур Ёқубов ҳам ўз муаммоларини реал фактлар орқали келтириб, жавоб қайтаради. Томонлар «муроса»га келинади. Яъни ширкат 3 метр қувур олиб келиб тортиб беради, фуқаро эса уста ҳақини тўлаб беради. Бу ҳали ҳаммаси эмас, Бобур Ёқубов ўз уйига ўтадиган қувурларни ўзи сотиб олиш керак. Шундай қилиб Бобур Ёқубов ширкатдан келган устага иш ҳақи сифатида 170 минг сўм тўлайди, зарур қувурларни 250 минг сўмга харид қилади. Жами 420 минг сўмга «аъзо» бўлади.
























