Бугун ижтимоий тармоқларда шов-шув кўтараётган айрим фуқароларга, энг аввало, қонун билан яхшироқ ва яқинроқ танишиб чиқишни тавсия қилган бўлардик, деб ёзади Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Раҳмонов.

Билдирилишича, қонунда фуқароларга ўқотар қуроллар сотиш, улардан бемалол фойдаланиш мумкинлиги ҳақида биронта банд йўқ. Аксинча, бундай фаолият янада қатъий назоратга олиняпти.

Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида “Қурол тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Табиийки, савол туғилади: мазкур қонун ўзи бизга керакми? Унда қандай нормалар белгиланмоқда? Кимлар қурол олиб юриш ҳуқуқига эга бўлади? Бу фаолиятни қайси орган назорат қилади? Депутат ана шу саволларга жавоб излаган.

Янги қонунга қандай эҳтиёж бор эди?

Маълумки, шу пайтгача Ўзбекистонда қурол билан боғлиқ қонун қабул қилинмаган эди. Бугунга қадар фуқаролик, хизмат ва жанговар қуролларга тегишли тартиб-қоидалар ўндан зиёд қонун ҳужжатлари асосида бошқариларди. Эндиликда “Қурол тўғрисида”ги янги қонун билан шу пайтгача мавжуд бўлган барча ҳужжатлар умумлаштирилиб, ягона мажмуа ҳолатига келтирилди.

Қайд этиш ўринли, қонунни ишлаб чиқишдан кўзланган мақсад амалдаги меъёрий-ҳуқуқий асосларнинг тўлиқ ва мукаммал эмаслиги, ягона механизм йўқлиги ва шу сабабли вужудга келаётган кўплаб ҳуқуқий англашилмовчиликлар ўрнини тўлдиришдир. Жумладан, қурол ва ўқ-дори каби тушунчаларнинг қонунчиликда акс эттирилмагани мавжуд турли қуролларга эга бўлиш, уларни олиб юриш ва сақлаш ҳолатларига тўғри ҳуқуқий баҳо беришда қийинчиликларни юзага келтираётганди.

Шунингдек, чет давлатлар ва республикамизда қуролнинг янги турлари, ўқ-дориларининг кенг айланиши шароитларида амалдаги қонун ҳужжатларида тегишли юридик тушунчалар мезони, уларни муомалага киритиш асослари, тактик-техник хусусиятлари ҳамда ижтимоий хавфлилиги даражасига кўра чекловлар белгиланмаган. Бу каби ҳолатлар қурол муомаласи ва қуролга эга бўлган ташкилотлар ҳамда фуқароларнинг фаолияти устидан самарали назорат ўрнатиш бўйича яхлит тизимни йўлга қўйишга тўсқинлик қилаётганди.

Эндиликда янги қонун билан қуролга эгалик қилиш, сотиш ва қуролдан Ўзбекистон ҳудудида фойдаланиш тартибга солинади. Бунда қонунийлик, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш устуворлиги белгиланмоқда.