Ислоҳотларнинг асосий бўғинида суд тизимини ислоҳ қилиш туриши ҳақида кўп таъкидланди. Аммо ўзбекнинг азалий мақолларига ҳам тан бермай илож йўқ – «қози турткиласа, додингни кимга айтасан?». Бугунги мавзумизга асос бўлган мурожаатдаги суд қарори ҳам ҳар жиҳатдан ўрганишга, ҳайратланишга ва ислоҳотларга «ўрнак» қилишга арзийди.

Келинг, бир бошидан бошлаймиз.

2016 йил оддий кунларининг бирида, йўғ-е, ҳамма бир-бирига яхшилик истаган 21 март — «Наврўз» байрами кунида бувайдалик Ҳусниддин Мелибоев ўзи бошқариб кетаётган «Дамас» автомобилида шу туманда яшовчи Сарвар Раҳмоновга тегишли «Матиз» автомобилини туртиб юборади. Энди бундан ҳеч ким суғурталанмаган, айланган ғилдирак борки бир жойга урилиши мумкин. Хайриятки, ЙТҲ натижасида ҳеч ким жароҳат олмайди, вафот этмайди.

Ҳусниддин Мелибоев

Барибир ЙТҲ ўз номи билан ЙТҲ, ўз-ўзидан содир бўлмайди, эҳтиётсизлик оқибатида бўлса-да, кимдир бунда айбдор, албатта. «Дамас» ҳайдовчиси Ҳ.Мелибоев барча айбни тўлиқ зиммасига олади ва С.Раҳмоновга тегишли «Матиз»ни таъмирлаб берадиган бўлади. Ўзи устачилик қилиб пул топиб юрадиган ёш йигит лафзида туради ва машинани таъмирлатиб ҳам беради.

Бироқ орадан ўн кун ўтиб, 2016 йилнинг 31 март кунида С.Раҳмонов автомобилсиз юрган кунлари эвазига 150 минг сўм талаб қилади. Бунисига ҳам кўнайлик, товон тўлатиб олишни тушуниш мумкин, пиёда юриш кимга ҳам ёқарди? Шунда Ҳусниддин ҳозир пули йўқлигини, лекин муддат берилса, албатта бу пулни ҳам беришини билдиради. Буни ҳужжатлаштириш заруратини яхши билган жабрланувчининг ўзи тилхат битиб, айбдорнинг 150 минг қарз бўлганини қоғозга муҳрлайди. Аммо тилхатга кейинчалик жуда «иш берадиган» бир бандни ҳам тиркаб қўяди: «...агар қарзни икки ой ичида узмасам, авария бўлгандан кейин (яъни 2016 йилнинг 21 мартидан бошлаб) чўзилган ҳар бир кун учун 100.000 (юз минг) сўмдан (!) тўлашга тайёрман. Бу пулни бермасам жазо қўллашингизга розиман», деган ёзув тагига имзо чектиради.

Тарихда из қолдирган ва китоблар қаҳрамонига айланган Қори Ишкамбалар ҳам, банк фоизларининг пиру-комили бўлиб кетган Ротшильдлар оиласи вакиллари ҳам бу тахлит тилхатга кўзлари тушсалар дарҳол мазкур тажрибани ўрганишга киришишларига шубҳа йўқ.

Ҳусниддин Мелибоев бир ҳафта муддат ичида 150 минг пулни топади ва Сарвар Раҳмоновга қўнғироқ қилади. С.Раҳмонов пулни автомобилни таъмирлаган устага ташлаб кетишни, кейинчалик ундан олишини айтади. Ҳ.Мелибоев пулни ташлаб кетади, ўзига тегишли, гаров сифатида қолдирилган ҳужжатларни олади, бироқ 150.000 сўм бериши кераклиги ҳақидаги тилхатни қайтариб олмайди.