Бутун дунёдаги иқтисодиётнинг ривожланиши мамлакатдаги транспорт инфратузилмасининг ҳолатига ҳам боғлиқ. Инфратузилмаси яхши ривожланган мамлакатлар бу соҳада муаммога эга бўлганларга қараганда устунлик қилади.

Транспортнинг ишончли турларидан бири темир йўл транспорти ҳисобланади. АҚШ ва Япония каби ривожланган мамлакатларда ҳар куни миллионлаб йўловчилар ишга бориш ва ишдан қайтиш учун поезддан фойдаланишади. Темир йўл транспортига ортиб бораётган талабни қондириш учун йирик вокзаллар қурилган ва эскилари қайта таъмирланган.

Фото: Wikipedia

Синдзюку вокзали (Shinjuku Station)

Токиода жойлашган Синдзюку вокзали дунёдаги энг банд вокзал ҳисобланади. Йўловчилар оқими кунига 3,6 миллион кишини ташкил этади. У Токионинг ғарбий қисмидаги Синдзюку ва Сибуя туманларини бирлаштиради.

Станция ер усти ва ер ости аркадлар билан қўшиб ҳисоблаганда 36 платформа, 200 дан ортиқ чиқиш жойлари ва бир неча туннелларга эга. Синдзюку бешта, жумладан, JR-East, Tokyo Metro, Odakyu, Toei Subway ва Keio Corporation станцияларидан иборат. JR-East станцияси улар орасида энг банд станция ҳисобланиб, кунига ярим миллионга яқин кишига хизмат кўрсатади.

Фото: Wikipedia

Гар-дю-Нор (Gare du Nord)

Гар-дю-Нор ёки Шимолий вокзал Парижда жойлашган ва Европада йўловчилар миқдори бўйича етакчи саналади. У ҳар куни 214 миллионга яқин кишига хизмат қилади. Станция илк марта 1846 йилда очилган, 1864 йилда эса вокзал кенгайтирилган.

Гар-дю-Нор 44 та платформага эга ва Европада катталиги бўйича иккинчи ўриндаги темир йўл вокзали саналади. Унга учта асосий транзит тизимлари, Париж метроси транзит тизими, RER темир йўл тизими ва автобус маршрутлари томонидан хизмат кўрсатилади. Шимолий вокзал иккита йўлдан иборат, улардан бири Парижнинг шимолидан жанубга ўтади. Вокзал халқаро йўналишлар – Германия, Буюк Британия, Нидерландия ва Бельгияга ҳам хизмат қилади.