Ўзбекистон | 17:20 / 02.07.2019
25055
3 дақиқада ўқилади

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия унивeрситeтида дастлабки имтиҳон ўтказиш тартиби тўғрисида маълумот берилди

Фото: KUN.UZ

Ташқи ишлар вазирлиги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ) бакалавриат йўналишларига ўқишга қабул қилишда дастлабки имтиҳонни ўтказиш тартиби тўғрисида маълумот берди

Қайд этилишича, 2019-2020-ўқув йили ЖИДУ бакалавриат йўналишларига ўқишга қабул қилишда дастлабки имтиҳон жорий йилнинг 30 июнидан 2 июлигача ўтказилмоқда ҳамда қўшимча равишда 8 июлда ўтказилади. Дастлабки имтиҳон ёзма шаклда ўтказилади ва қуйидагиларни белгиловчи саволларнинг уч блокидан иборат бўлади:

1. Интеллектуал даража (компьютерда тест синовлари, 40 балл), мантиқий ва кенг фикрлаш, турли тушунчалар, фактларни таққослаш ҳамда уларнинг ўртасидаги ўзаро боғлиқликни топиш;

2. Она тилини билиш даражаси (30 балл), ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари (академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари), шунингдек, умумтаълим мактаблари (11-синф базасида) дастурларига киритилган Ўзбекистон маданияти, санъати, тарихи, географиясига тааллуқли ва бошқа масалалар юзасидан саводли ва асосли тушунтириш қобиляти;

3. Хорижий тилларни (инглиз, француз ва немис тиллари) билиш даражаси (30 балл), Ўзбекистон маданияти, санъати, тарихи, географиясига тааллуқли ва бошқа соҳаларга оид масалалар юзасидан саводли ва асосли тушунтириш қобиляти. Бунда, хорижий тиллар бўйича етакчи халқаро баҳолаш тизимларининг амалдаги сертификатларига, шу жумладан, IELTS бўйича камида 5,5 балл, TOEFL iBT бўйича камида 61 балл билим даражаси кўрсаткичи билан халқаро сертификатларга, шунингдек, test DaF, GOETHE сертификати, DELF сертификати имтиҳонларидан CEFR услуби бўйича B2 минимал даражасига, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг “Таълим муассасаларида чет тилларини ўқитишнинг сифатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 11-августдаги 610-сон қарори талабларига мувофиқ сертификатларга эга бўлган абитуриентларга ушбу саволлар блоки бўйича максимал балл берилади.

Дастлабки имтиҳоннинг максимал баллари миқдори 100 баллни ташкил этади. Абитуриент кириш тест синовларига рухсат берилиши учун билетдаги барча саволлар бўйича умумий баллар миқдорининг камида 50 фоизини тўплаши зарур.

Дастлабки имтиҳон учун ажратилган вақт, шу жумладан ташкилий қисм ва ишларни топшириш вақти 3 соатни ташкил қилади.

Абитуриент аудиторияга қабул комиссиясининг масъул шахси томонидан таклиф этилади. Бунда абитуриент ўз паспортини (16 ёшга тўлмаган шахслар туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани) тақдим этиши шарт.

Дастлабки имтиҳон натижалари эълон қилинганидан сўнг бир кундан кечикмаган ҳолда уларни қайта кўриб чиқиш учун мурожаат қилиниши мумкин.

Дастлабки имтиҳондан муваффақиятли ўтган абитуриентларга кириш тест синовларини университет бакалавриатига ўқишга кириш учун белгиланган тартибда топширишга рухсат этилади.

Мавзуга оид