Мамлакатга товарлар божхона чегарасидан олиб кирилганда амалдаги қонунчиликка асосан белгиланган божхона бож ставкаларига мувофиқ божхона тўловлари ундирилади. Хўш, товарлардан ундириладиган божхона божи ставкалари ким томонидан белгиланади?
Давлат божхона қўмитасининг Kun.uz’га тақдим этган изоҳида айтилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва Ташқи савдо вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-4135-сон қарори билан мамлакатимизда божхона божлари ставкаларини белгилаш ва ташқи савдо фаолиятини амалга оширишда нотариф тартибга солиш чора-тадбирларини қўллаш бўйича халқаро тажрибани ўрганиш ҳамда таклифларни ишлаб чиқиш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Идоралараро божхона-тариф кенгашини тугатган ҳолда тузилган “Тариф ва нотариф тартибга солиш кенгаши”га юклатилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида”ги ПҚ-4086-сон қарори билан мамлакатда божxона тариф ставкалари камайтирилган.
Билдирилишича, Ўзбекистонда божxона божлари миқдорини ўзгартириш тўғрисидаги қарор бозорнинг ушбу маҳсулот билан таъминланганлиги ва истеъмолчига қайси нархда етиб бориши каби жиҳатларни батафсил ўргангандан кейин амалга оширилади.
Хўш, мамлакатда ундириладиган божхона божи ставкаларининг ўртача қиймати қанча?
Ўзбекистон Республикасида божxона божи ставкаларининг ўртача арифметик қиймати 5,6% ни, МДҲ ва Евросиё Иқтисодий Иттифоқига аъзо давлатларда эса 8,8% ни ташкил қилади.
Мамлакатга олиб кириладиган товарлар ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси (ТИФ ТН)га мувофиқ 11295 та позицияга тақсимланган бўлиб, шулардан 7096 та товар позициясига божхона божи ставкаси “0” қийматда, 2127 та товар позициясига “10%”, 1287 та товар позициясига эса “20-30%” ва 27 та товар позициясига “70%” этиб белгиланган.
“Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги ва бир қатор бошқа идоралар томонидан тариф сиёсатини босқичма-босқич ўзгартирилиши, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ўз маҳсулоти сифатини яxшилашга ҳамда тариф ва нотариф таъсирларни якуний босқичда xалқаро бозорга уйғунлаштириш имконини беради.
Маълумки, ҳозирда Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га аъзо бўлишга тайёргарлик кўрмоқда, биз ушбу ташкилотнинг тажрибасини ўрганмоқдамиз. Бу ташкилотга аъзо мамлакатлар ЖСТ белгилаб берган талаблар асосида ягона тариф ставкаларини белгилайдилар. Шунинг учун аъзо мамлакатлар тариф усуллари яъни божхона ставкалари орқали импортни тартибга солиш имконига эга бўлмай, нотариф усуллардан кенг фойдаланишга мажбур бўлишади. Шу сабабли маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида мамлакатлар турли молиявий, теxник, маъмурий, кредит ва савдо сиёсати, шунингдек, маълум бир лицензиялар ва сертификатлар орқали ўз иқтисодларини фаол ҳимоя қилмоқдалар”, - дейилади ДБҚ изоҳида.

















