Самарқанд шаҳридаги «Shaherezade Sam Star Tour» МЧЖ таҳририятимизга Самарқанд тумани ҳокимлиги туризм ривожига очиқдан-очиқ тўсиқ бўлаётгани, Вазирлар Маҳкамаси қарорини писанд этмаётгани юзасидан шикоят йўллаган.

Гап шундаки, Самарқандда бугунги кунда замон талабларига жавоб берадиган, барча қулайликларга эга, сайёҳларни олиб юрадиган автобуслар учун махсус майдонча, техника ва ҳайдовчиларга хизмат кўрсатиш мажмуаси йўқ. «Shaherezade Sam Star Tour» МЧЖ эса ана шундай мажмуа барпо этмоқчи ва бу бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 30 июндаги 450-сонли қарори 53-бандида аниқ қилиб: «Самарқанд тумани ҳудудида туризм тоифасидаги автобуслар учун тўхташ жойи ва гараж, техник хизмат кўрсатиш устахонаси, ҳайдовчиларни жойлаштириш учун меҳмонхона ҳамда ошхона қуриш учун ер майдони ажратиш» топшириғи берилган.

Мурожаатда «Shaherezade Sam Star Tour» МЧЖ раҳбари Толиб Жаҳонгиров жумладан шундай дейди:

«Қарорда Самарқанд туман ҳокимлигига туман ҳудудидан жой ажратиш кўзда тутилган бўлса-да унинг ижроси бўйича ҳеч иш қилинмади. Туман ҳокими Шуҳрат Жамолов бўш ер йўқлиги, агар шундай ерни ўзимиз топсак, расмийлаштириб беришини билдирди.

Шундан сўнг, Самарқанд давлат ўрмон хўжалиги раҳбариятига мурожаат қилиб, хўжалик ҳудудидаги 60 сотих ташландиқ, ўрмон билан қопланмаган ерни ажратиб беришни сўрадик. Ўрмон хўжалиги тегишли қарор чиқариб берди, харитаси ҳам тасдиқланди. Самарқанд вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси экологик экспертиза хулосаси ҳам олинди. Барча ҳужжатлар расмийлаштирилди. Қоида бўйича ер бизга берилиши учун ўрмон хўжалиги балансидан чиқарилиб Самарқанд тумани ҳокимлиги захирасига қайтарилиши керак. Хўжалик бу юзасидан ҳам Самарқанд туманига тегишли хат юборди. Аммо ер туман ҳокимлиги захирасига олингач, бизга эмас, бошқа шахсга бериб юборилди.

Хуллас, туман ҳокимлиги фаолиятимизни ривожлантириш учун на ер ажратди ва на Вазирлар Маҳкамаси қарорини бажарди. Ўзи айтганидек, биз ер топганимизда эса уни ҳам бошқага бериб юборди».