1 июль куни ЎзАда Меҳнат ва бандлик муносабатлари вазири томонидан Фарғона вилоятидаги сайёр қабул «саҳналаштирилгани» ҳақида мақола пайдо бўлди.

2 июль куни вазирлик матбуот хизмати бу ҳолат юзасидан расмий изоҳ берди. Унда Фарғонадаги сайёр қабул жараёнида келиб тушган 53та мурожаатнинг ҳар бири юзасидан вазир ўринбосари Баҳодир Умурзоқов бошчилигидаги ишчи гуруҳ билан ички текширув ўтказиш ҳақида қарор қабул қилингани айтилган.

Kun.uz Фарғона шаҳрида бўлиб, вазирлик ички текширув ўтказилишини кузатиб борди.

Фарғона вилоят Бандликка кўмаклашиш бошқармаси биносида вазир ўринбосари Баҳодир Умурзоқов ва комиссия вакиллари иштирокида текширув ва йиғилиш бўлиб ўтди. Фарғона вилояти туман бандликка кўмаклашиш маркази раҳбарлари иштирокидаги йиғилишда вазир ўринбосари сўзга чиқди.

«Вазиримиз билан шахсан ўзим биргаликда сайёр қабул ўтказдик. 10 киши билан гаплашдим, қолган 43 нафарини вазиримизнинг ўзи қабул қилди. Бизга бу мақола сабоқ бўлди. Шундай одамлар ҳам бор экан. Ўша 11 нафар фуқародан икки нафари мактабгача таълим муассасасига жойлаштирилган деб ўйлаган эдик. Бу мақоладан сўнг текширсак, улар қабулда қатнашган, бироқ ўша муассасада аввалдан ишлаб келишаётган экан. Бу иш бўйича Марғилон шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази директори Толиб Асомиддинов ишдан бўшаш ҳақида ариза берди.

Лекин бу масала ишдан бўшаш билан тугатилмайди. Агар ростдан ҳаммаси «саҳналаштирилган» бўлса, жиноий иш очилиши керак. Бизда яна 9 нафар фуқаро масаласида ҳам шубҳалар бор. Биз мақолани инкор этмадик. Бу балки ҳақиқатдир, балки уюштирилгандир. Биз масаланинг тагига етамиз. 1-2 кун ичида оқни оқ, қорани қора қилиб ажратиб чиқамиз. Бундай ишлаш бўлмайди, шу сабабли сизларни ҳокимиятдагилар бир тийинга олмайди. Фарғона вилоятида меҳнат ва бандликка кўмаклашиш масаласи республикада энг пастки ўринлардан бирида», дейди вазир ўринбосари.

Йиғилиш тугаши билан Марғилон шаҳар бандликка кўмаклашиш марказининг собиқ директори Толиб Асомиддиновни суҳбатга тортдик.