Меҳнат ва бандлик муносабатлари вазири Шерзод Кудбиевнинг Фарғонадаги сайёр қабули масаласи интернетда шов-шув бўлиб кетди.
2 июль куни вазирлик матбуот хизмати бу ҳолат юзасидан расмий изоҳ берди. Фарғонадаги сайёр қабул жараёнида келиб тушган 53та мурожаатнинг ҳар бири юзасидан вазир ўринбосари Баҳодир Умурзоқов бошчилигидаги ишчи гуруҳ билан ички текширув ўтказди.
Вазирлик мутасаддилари аниқланган ҳолатлар ҳақида Фарғона вилоятидаги туман бандликка кўмаклашиш маркази директорлари иштирокида ўтказилган мажлисда ҳолатлар айтилди ва айбдорлар жазоланди.
«Ўтказилган сайёр қабулда 53 нафар фуқаро мурожаатлари қабул қилинган бўлса, ўрганишларимиз натижасида уларнинг 35 нафари иш билан таъминланди. 22 нафари доимий ишга, 8 нафари жамоат ишига жойлаштирилди. 1 нафари иш жойи билан таъминлаш шарти билан касб-ҳунар бўйича ҳамширалик ўқишига жўнатилди», дея вазир ўринбосарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мажлисда суст фаолияти ва ижро интизомига риоя этмагани сабабли бир неча мутасаддига чоралар кўрилиши белгиланди.
Вазир сайёр қабулида вазир томонидан берилган топшириқларни етарли даражада бажармагани туфайли Ўзбекистон тумани бандликка кўмаклашиш маркази директори Ш.Мирзаакбаров, Тошлоқ тумани бандликка кўмаклашиш маркази директори С.Боқилхонов, Олтиариқ тумани бандликка кўмаклашиш маркази директори Қ.Қобилов, Фарғона шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази директори Ф.Шаробиддинов ҳамда Фарғона тумани бандликка кўмаклашиш маркази директори Т. Сатторовга нисбатан ҳайфсан қўлланди.
Бешариқ тумани бандликка кўмаклашиш маркази директори Ш.Азизовага нисбатан эса иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида жарима интизомий жазо чораси қўлланган. Йиғилишда Бешариқ туманидаги ишсизлик даражаси жуда юқорилиги алоҳида таъкидланиб, шундай ҳолат бўлгани ҳолда вазир сайёр қабулига ҳеч ким олиб борилмагани танқид остига олинди.
Данғара тумани бандликка кўмаклашиш маркази директори Н.Йўлдошев ҳам вазир сайёр қабулига ҳеч кимни олиб келмагани учун танқидга учраган.
Шунингдек, Марғилон шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази директори, Ёзёвон туман бандликка кўмаклашиш маркази директори, Фарғона вилоят бандликка кўмаклашиш бошқармаси кадрлар бўлими раҳбари Н.Ибрагимов лавозимидан озод этилган. Вилоят бошқармаси раҳбарининг биринчи муовини Шуҳрат Маҳмудов, ишга жойлаштириш бўлими раҳбари А.Саидов, ўқишга юбориш шўъбаси мудири М.Расуловга нисбатан иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида жарима интизомий жазо чораси қўлланган.

















