Шу йилнинг январида Kun.uz сайтида Тошкент шаҳрида қадимий хазина топилгани ҳақида хабар берилганди. XIX асрда қурилган иморатлардан бирининг яширин ертўласида қидирув ишлари давомида топилган хазина 80 йиллар муқаддам йўқолгани, унинг ҳозирги қиймати 1 миллион доллардан ортиқлиги айтилганди.

Хазина топилгани ҳақида биринчи бўлиб ЎзМУнинг кимё факультети 4-курс талабаси Муҳаммадбобур Юсупов маълумот берганди. У Kun.uz учун берган интервьюларида хазинанинг топилиши тарихи ҳақида сўзлаб, изланишлар давомида яна қадимги буюмлар топилиши мумкинлигини айтиб ўтганди.

YouTube

Tas-IX

Бу мавзу бошқа ўнлаб сайтларда ҳам ёритилди ва ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди. Кимдир хазинанинг қиймати ҳақида айтса, кимдир топилган жойига қизиқди. Бундай топилмалар мавжудлигига ишончсизлик билан қараганлар ҳам бўлди.

Бугунги кунга келиб эса ушбу хазина мавжудлиги ҳақидаги барча гумонлар йўққа чиқди - қиймати бир неча миллион долларлиги тахмин қилинаётган улкан хазина давлатга топширилади.

Муҳаммадбобур Юсупов Kun.uz мухбирига хазина топилгандан кейин бўлиб ўтган воқеалар, уни йўлдан уриб хазинани қўлга киритишга ҳамда четга олиб чиқиб кетишга бўлган уринишлар, таклиф қилинган пуллар ва ўтказилган босим тўғрисида сўзлаб берди.

Хазина тарихи

— Хазинанинг топилиши 3 йиллик изланишларим натижаси бўлди. Бу ҳақда дастлаб Kun.uz нашрида эълон қилинган эди. Хазина эртароқ топилиши ҳам мумкин эди. Аммо айрим давлат ташкилотларнинг ишончсизлиги ва эътиборсизлиги туфайли қидириш ишлари маълум вақт тўхтаб қолди. Турли хил тарихий манбалар асосида Тошкент шаҳрининг қадимий биноларида қидириш ишларини бошладим. Бу маълумотлар хазинани билган ва яширган одамлар томонидан сир сақланган. Ўша одамларнинг фарзандлари ва шогирдлари билан суҳбатлашилди, маълумотлар тўпланди. Ушбу маълумотлар асосида хазина топилди ва тасдиқланди.